“ЮРТ КЕЛАЖАГИ” – ИМКОНИЯТЛАР МАЙДОНИ

Илм-фан, меъморчилик, санъат, бадиий ижод йўлида тинимсиз изланаётган истеъдодли, иқтидорли фарзандлар миллатнинг маънавий юксалиши, юртнинг эртанги куни, мамлакатнинг равнақ топиши учун катта кучдир. Демакки, “Юрт келажаги” – кўпминг сонли ёшлар учун имкониятлар майдони! Ёшлар томонидан яратилаётган лойиҳалар, ташаббуслар, улар эгаллаётган билиму ҳунар юртимиз келажагига, тақдирингизга даҳлдор.

Дарҳақиқат, “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар истеъдоди ва ташаббусларининг рўёбга чиқишида, шу билан биргаликда, ёшлар қалбида интилувчанлик, шижоат, қолаверса, дўстлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг вилоят босқичида ўзига ишонган, билимли, иқтидорли юксак ёшларнинг ўзаро беллашишди.

Ахборот–коммуникациялар ва технологиялари йўналиши, веб-ишланмалар номинациясида Умид Хайриев, Адизбек Эргашев ҳамда Маъруф Тойиров, шу йўналишнинг техник лойиҳалар ва ишланмалар номинацияси бўйича Файзиддин Темиров, Файзулло Нарзуллаев ва Фаррух Ҳамидов, рационализаторлик таклифлар номинацияси бўйича Исломжон Шарипов, Сардор Назаров ҳамда Лазиз Исматов, Архитектура ва интерьер дизайн йўналишида Алишер Алимжонов, Достон Шарипов, шаҳарсозлик ва ландшаф дизайнида Навруз Жамилов, дастурий таъминот Муҳриддин Файзиев, Убайдулло Арабов, Ёрқин Ёрқулов, тасвирий ва амалий санъат йўналиши бўйича Шаҳзод Умедов, Махфират Ғаффорова ва Махфират Исматуллаева, наср йўналишида Гулзода Ғайратова, Гулзода Холиқова ва Молҳигул Турсунова, назм йўналишида Шаҳзод Нусратуллаев, Шаҳинабону Маҳмудова, Динара Умарқулова, ҳамда журналистика йўналишида иштирок этган Шавкат Бобожонов, Шаҳноза Худойбердиева ва Ислом Каримов каби ғолиблар узоқ давом этган тантана давомида муносиб тақдирланишар экан, бирин–кетин саҳнага чиқишиб, айни пайтдаги орзу–ниятлари ҳақида сўзлашди, ўз тенгдошлари, ота–оналари олқишига сазовор бўлишди. Ёшлар ўзларини олдинда улкан юмушлар кутаётганини, улар олдида доимо дадил туражакларини ғурур билан баён этишди.

– Журналистикага бўлган қизиқишим юқори. Интилишларим устозлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳаракатнинг вилоят Кенгаши муассислигидаги “Бухоро ёшлари” газетасида фаолият кўрсатиб, шу соҳада олган билимларим ютуқларимга пойдевор бўлмоқда. Шунингдек, “Ёш репортёр” сифатида мамлакатимизнинг нуфузли ёшлар нашрларида мақолаларимнинг чоп этиб борилаётгани менга янада руҳ бағишламоқда. Бугунги ҳаракату интилишларим олдимга қўйган улкан мақсадларимга пойдевор экан, танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб ўринни эгаллайман, дея оламан,-дейди БухДУ магистранти, “Камолот” стипендианти Шавкат Бобожонов.

Бир сўз билан айтганда, имкониятлар майдонида ўзини кўрсата олган иқтидорлар орасидан сараланган ёшлар танловнинг республика босқичида ҳам муваффақиятга эришиш учун дадил ҳаракат қилишмоқда.