МАЪРИФАТ БАЙРАМИ

“Адабиётга эътибор-келажакка, маънавиятга эътибор”

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва Ахборот агентлиги ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида “Китоб байрами”нинг муҳим тадбир сифатида ташкил этилгани аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда,ёшлар ўртасида китобнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришда, уларнинг миллий адабиётга бўлган интилишларини янада юксалтиришда катта аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва Ахборот агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий Ҳаракати вилоят Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда “Адабиётга эътибор-келажакка, маънавиятга эътибор” шиори остида ташкил этилган “Китоб байрами” кўҳна заминда икки кун давом этиб, минглаб аҳоли ва ёшларни ўз атрофига бирлаштирди.

Бухоро Давлат университетида бўлиб ўтган тадбир олимлару, тарғиботчилар, маънавиятчи педагоглару сиёсатшуносларнинг эмас, балки дадил ва теран, зукко фикрли ўқувчиларнинг минбарига айланди. Барча шаҳар ва туман ахборот ресурс марказлари, китоб савдоси ташкилотлари томонидан мумтоз адабиёт дурдоналари, ўзбек ва жаҳон адабиёти китоблари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди.

Бунда ёшлар мамлакатимизда нашр этилаётган қатор сиёсий ҳамда бадиий китобларнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб, улар юзасидан ўз нуқтайи-назарларини билдирдилар. Ўқиган китобларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, сабоқдошларини истиқлолни қадрлашга, Она Ватанни кўз қорачиғидек асраб, уни юксалтиришга чақирдилар. Шу билан бир қаторда, ўқувчилар бугунги кунда маънавий-маърифий соҳада ечимини кутаётган муаммолар борлигини, бу камчиликларни ҳамжиҳатликда ечиш лозимлигини ҳам баён этдилар.

Ўқувчи-ёшлар бухоролик шоир ва адбиларнинг китоб ва унинг ёшлар ҳаётидаги ўрни мавзусидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлишди. Гулнора Самиева, Исроил Субҳонов, Ғайрат Муродов, Шодмон Сулаймон, Абдунаби Ҳамро, Шуҳрат Фармонов каби қалам аҳли сўнгги йилларда нашр этилган илмий-адабий асарлар тақдимотига ҳам алоҳида урғу бердилар ва ўртага қўйилган энг муҳим ижтимоий-маърифий ғоялар ҳамда уларнинг китобхон дунёқарашини ўстиришдаги аҳамияти хусусида мулоҳаза юритдилар.

Фестиваль доирасида “Менинг илк китобим” тақдимоти таассуротли кечди. Талъат Ҳалимовнинг “Юрак тасвири”, Ситора Шамснинг “Олисдаги яқиним”, Рушана Набиеванинг “Фаришта Мимнинг саргузаштлари”, Шамшод Шамснинг “Муҳаббатга суянаман”, Гўзал Рўзиеванинг “Баҳор яқин”, Нозим Қиличнинг “Олтин куз” китоблари ёш иштирокчилар томонидан муносиб баҳоланди.

Китоб байрамининг кўҳна шаҳарнинг Лаби-ҳовуз бўйларида бўлиб ўтган “Тенгдош-тенгдош”га лойиҳаси ҳам ғоятда қизғин кечди. Бунда ёш ижодкорлар ўз тенгдошлари билан келажакдаги орзу-ўйлари, режалари хусусида ўртоқлашиб, фикр алмашишди. Эсдалик сифатида бир-бирларига ижод намуналари чоп этилган ўз муаллифликларидаги китобларини тақдим этишди. Мазкур лойиҳада ёшлар “Энг яхши шеър”, “Энг яхши китоб”, “Энг яхши китобхон” номинациялари бўйича тақдирланишди.

Янгича тартибда нишонланган “Китоб байрами” ёшларнинг китобга бўлган меҳрини оширишда катта аҳамият касб этди. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур йилги “Китоб байрами” мамлакатимизнинг барча вилоятларида шу куни ташкил этилиб, иштирокчи ёшлар бир-бирлари билан он-лайн мулоқоти орқали суҳбатлашиш имконига эга бўлишди.

Фестиваль якунида бадиий жамоаларнинг чиқишлари “Китоб байрами”нинг шукуҳини таъминлади.

Лайло ҲАЙИТОВА