ПОЙИ КАЛОНДА ЯНГРАР ШОДОН НАВОЛАР

XV – “Ипак ва зираворлар” халқаро туристик фестивалининг тантанали ёпилиш маросими Пойи калон мажмуасида бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Муҳиддин Эсанов, Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти ректори Пильхо Пак сўзга чиқиб, уч кун давом этган фестивал чинакам маданият ва санъат байрамига айланганлиги, ҳунарманду савдогарларни бир мақсад сари бирлаштирганлиги таъкидланди.

Шунингдек, уч кунлик фестивалнинг юксак савияда ўтказилишига ҳисса қўшган халқаро ташкилотлар, олимлар, ҳунармандлар, миннатдорчилик изҳор этишди. Шантос Лаъл (Ҳиндистон), Насерат Али Закирия (Афғонистон), Бахш Завра (Эрон), Лейла Ҳайитова (Туркманистон), Мукаррама Қаюмова (Тожикистон), Гулнора Каттабоева (Қирғизистон), Абдулло Нарзуллоев (Бухоро), Нодир Имомов (Наманган), Мафтуна Азизова (Сурхондарё), Наргиза Самиева (Андижон), Замира Жўраева (Тошкент), Зияда Мадиярова (Қорақалпоғистон), Нафосат Ҳамдамова (Самарқанд), Муҳаммадамин Муродов (Сирдарё), Саодат Файзиева (Навоий), Мафтуна Ҳамроева (Самарқанд), Юлдузой Мамадиярова (Қашқадарё)ларга вилоят ҳокими ва ҳамкор ташкилотларнинг ташаккурномаси ва совғалари топширилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига шоир Шодмон Сулаймон сценарийси асосида режиссёр Рауф Авезов ҳамда режиссёр ёрдамчиси Ҳотамжон Ахунов томонидан улуғ шоир Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони асосида театрлаштирилган дастури, “Буюк Ипак йўли” композицияси намойиш этилди.

Республикамиз пойтахтидан ташриф буюрган Ўзбекистон Халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Насиба Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Турдиева, Алишер Турдиев(Алишер Файз), Маъсума Болтабоева, хонандалар Малика Эгамбердиева, Роҳила Рўзимова, “Виа Шарқ”, “Сурхон” гуруҳлари, вилоятимиз таниқли санъаткорлари, ёш ижрочилари куйлаган Бухоро шашмақоми ва мавриги тароналари, мумтоз ва замонавий қўшиқлар дилларга завқ-шавқ бағишлади. “Бухоро гўзаллари”, “Бухорча” ва “Бухоро мавжлари” ансамблларининг раққосалари ҳамда оммавий ўйинларда иштирок этган талаба қизларнинг хореографик чиқишлари концертнинг безаги бўлди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилги фестивални Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Тошкент, Андижон сингари ўнта вилоят аҳолиси ўрнатилган улкан мониторлар орқали тўғридан тўғри кузатиб, фестивал шукуҳини ҳис этишди.

Дастур Малика Эгамбердиева ижросидаги “Ўзбекистон” таронаси билан ниҳояланаётганда барча санъаткорлар, томошабинлар финал қўшиғига жўр бўлишди.