ИПАК – “ТОЗА ҲАВО”, ЗИРАВОР – “САЛОМАТЛИК ҚЎРҒОНИ”

Stisvery Jisserent, Франция:

– “Ипак ва зираворлар” халқаро туристик фестивали ўн бешинчи бор ўтказилаётган экан. Тантананинг юқори савияда ташкил этилганию, павильонларнинг бетакрор савдо маҳсулотлари билан тўлалиги киши эътиборини тортмай қўймайди. Ҳар бири ўзига хос. Ипак толалар киши организми ривожи учун “тоза ҳаво” ролини ўтаса, ҳар бир зиравор “саломатлик қўрғони” сифатида сувдек зарурат бўлиб хизмат қилар экан.

Дарҳақиқат, кўҳна ва боқий шаҳарга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар марғилонлик адрас тўқиш ҳунари устаси Муҳаммадзоҳир Тошпўлатов, миллий матолардан замонавий ипак шарфлар тўқиш маҳоратини эгаллаган самарқандлик Маҳмуд Ҳожиев, хивалик дўппидўз Моҳлар Қиличева, қашқадарёлик кандакор уста Мўмин Шерматовларнинг маҳсулотларини харид қилишмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 50 дан ортиқ зираворлари билан фестивалда қатнашаётган самарқандлик Абдунаби Камолов асабни тинчлантирувчи “Тоғ чойи”, жигар ва ўт касалликларига даво “Ўлмас ўти”ю, ошқозонга малҳам “Наъматак”и билан фестиваль “юлдузи”га айланди. Ургут зиралари билан келган донгдор зираворчи Баҳриддин Ғаффоров, тошкентлик тажрибали зираворчи Тошмўмин Соҳибалиевларнинг шифобахш ўсимликлари ҳам павильонларда анча “чаққон” чиқиб қолди.

Маълумки, Бухоройи шариф азалдан ўзининг полвонлари ва эпчил курашгирлари билан ҳам машҳур. Фестивали доирасида ўтказилган миллий ўйинлар ва спорт беллашувлари юздан ортиқ ёш ва тажрибали курашгирларни бир гилам устида бирлаштираётгани, шубҳасиз.