ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИ ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФЕСТИВАЛЬ

Муҳоммад Таршахани, Фаластин элчиси:

– Бухорога ташрифим биринчи марта эмас. Аввало, дунё халқларини ҳамжиҳатликка чорловчи, ўз диёрининг барча ноёб қирраларини  ўзида мужассам этган шундай лойиҳани яратиб, уни халқ оммасига жуда гўзал тарзда тақдим этаётган лойиҳа ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдирган бўлардим.

Мамлакатимизнинг барча минтақаларидан келган маҳаллий ҳунармандлар ва тижоратчилар ҳамда хорижий ҳунармандлар томонидан халқ амалий санъати асарлари ва миллий рўзғор буюмлари, ипакдан тайёрланган маҳсулотлару зираворлар савдо-кўргазмалари ташкил этилган. “Тоқи саррафон”, “Тоқи Телпакфурушон”, “Тоқи Заргарон” савдо марказлари, Регистон майдони, “Пойи Калон” мажмуаси ҳамда “Тими Абдуллахон” карвонсаройида савдо кўргазмалари билан қатнашган адрас тўқувчилар, каштадўзу гиламбофлар, зардўзлару, заргарлар, кандакорлар, миниатюрачи рассомлар, доривор ўсимликлар ва зираворлар билан савдо қилувчи баққоллар павильонлари минглаб томошабинлару хорижлик харидорлар билан гавжум. Бири-биридан қизғин лойиҳалар қалбларда улуғворлик туйғусини янада оширади. “Улуғбек”  мадрасасида ташкил этилган Ўзбекистон тарихига оид ҳужжатли фильмлар намойиши. “Гавкушон” мадрасасидаги “Палов сайли”, Бухоро санъат музейидаги тасвирий ва амалий санъат галареяси ва сураткашлар кўргазмаси шулар жумласидандир.

Миллий либослар кўргазмалари ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган дизайнерларнинг ўз маҳоратиларини намоён этишлари учун улкан имкониятдир. Қадим ва замонавий уйғунликда яратилган либослар бой безаклари ва бежирим аксессуарлари билан кўзларни жилолантирса, табиий.