ДУНЁНИ ЛОЛ ЭТГАН ШАҲАР

Дунё аҳлининг меҳрини қозониб келган улуғ ва маҳобатли Арк қўрғони, меҳмондўстликка ишора Лаби Ҳовуз бўйлари, маърифат, маънавият ва тараққиёт гултожи саналган Нодир Девонбеги, Масжиду Калон ва бошқа барча қадим обидалар ҳар бир меҳмонга бағир очди. Минглаб йиллик тарихий обидаларга бешик шаҳар остонаси ҳар доимгидек дунёнинг тўрт бурчидан ташриф буюрган сайёҳлару, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган меҳмонлар билан янада гўзал.

Фестивалга Малайзия, Қувайт, Вьетнам, Индонезия, Покистон, Фаластин, Россия, Руминия, Эрон, Хитой, АҚШ, Руминия, Арабистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан меҳмонлар ҳамда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дипломатик корпус ва Халқаро ташкилот вакиллари ташриф буюришган. Мазкур фестиваль боқий меросимиз ва анъаналаримизни келгуси авлодларга етказишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан унинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳам беқиёс.

Арк” қалъасидан то “Лаби Ҳовуз” мажмуасигача бўлган масофа фестивалнинг рамзий белгиси ва миллий қадриятларимиз акс этган лавҳалар билан безатилган. Туялар карвони, карнай-сурнай садолари, халқ сайллари, фольклор жамоалару бахшиларнинг чиқишлари, миллий либослар фестивали, безакли амалий санъат ва миллий матолар ярмаркаси, қўчқор ва хўроз жанглари, кураш ҳамда миллий таомлар беллашувлари, томоша учун тикланган улкан саҳна ҳақиқатдан ҳам мозийдан садо бераётгандек.