Йиллар давомида жаҳон афкор оммасига “қийшиқ ойна”да кўрсатиб келинган Ўзбекистон зарварақлари чанг ва ғуборлардан тозаланиб, авлодлар онгига Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Амир Темур каби бобокалонларимизнинг илм-фан, маданият, маърифатни ривожлантириш борасида амалга оширган бебаҳо мерослари сингдирила бошланди. Ўзлигимиз, маънавиятимиз, қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз ўзимизга қайтди. 24 йиллик фурсат жуда катта имкониятлар билан бирга Ўзбекистон фуқаросини тоблади. Мамлакатимизда терроризм, ақидапарастлик, диний экстремизм, гиёҳвандлик каби қора балоларга қарши амалга оширилган ишлар ривожланган давлатлар-да тан бермоқда. Қонунбузарликларнинг деярли барчасига қарши қақшатқич зарба берилди.
Дилшод Ҳакимов, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши раиси:
– Бугун мустақилликка эришганимизнинг 24-йилидамиз. Гарчи ўтган йиллар, бир қарашда, арзимас бўлиб туюлса-да, эришган ва эришаётган ютуқларимиз салмоғи юз йилликларга тенг. Тарихдан маълумки, ўз мустақиллигига эришган айрим мамлакатлар ўтиш даврини асрлар давомида босиб ўтишган. Кучли сиёсатга эга давлатимиз, ўз меҳнатининг қадрига етадиган халқимиз шижоати эса 24 йил ичида ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллай бошлашимизга сабаб бўлди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соғлом ва бақувват авлодни тарбиялаш борасида қилинган ишлар ҳам самарали. Айниқса, спорт ўйинларига кенг йўл очилгани, миллий курашимизнинг жаҳон спорт майдонига етиб келгани – ўзбек, Ўзбекистон қадимдан жисмоний соғлом инсонлар юрти бўлганини яна бир бор исботлади. Спортчиларимиз жаҳон спорт ареналарида жаҳон спорт усталари билан тенгма–тенг беллашди. Шунингдек, мустақиллик даврларида, айниқса, ёшлар масаласининг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, диққатга сазовор. Истиқлолга эришганимиздан буён ёшлар мамлакатимиз келажаги, эртанги ўринбосарлар сифатида ардоғда бўлиб келмоқда.
Ҳа, мамлакатимизда ёшларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши замирида юртимиз ёшларининг келажакда жамият ҳаётида муносиб ўрин топишлари учун эътибор мужассам. Истиқлол шарофати билан истиқболга юз тутаётган иқтидорли ва истеъдодли ёшларимизни, ташаббускор ва фидоий элимиз саъй-ҳаракатларидан ғурурланиб, ютуқ ва зафарларга ўзбекона лутф билан “Кўз тегмасин!” дея улар одимларини тантана сифатида нишонлашга, мустақиллик йиллари салтанида бўй чўзган амалларни бутун дунёга кўз-кўз қилишга ҳақлимиз. Зеро, тарихнинг олтин зарварақларида муҳрланган мустақиллик бугун миллатимизнинг миллий байрамига айланиб ҳам улгурди. Жорий йилда Ватанимиз, мамлакатимиз истиқлолининг шонли санаси, мустақилликнинг 24 йиллигини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан кутиб олишда ғоятда муносиб ишлар амалга оширилмоқда. Бугун кўҳна заминнинг ҳар бир шаҳар, туманларида вилоят ҳокимлиги маънавият ва маърифат Кенгаши, вилоят маънавият тарғибот маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан “Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган тантаналар барчага хушнудлик улашмоқда.
Байрам тадбирларига юрт тинчлигини сақлашга ўз ҳаётини бағишлаган фахрийлар, ҳарбийлар, шоиру ёзувчилар, халқ эъзозидаги санъаткорлар, шунингдек, эл хотиржамлиги, ободлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган оддий ҳунарманд, деҳқон, ишчи, шифокорлар, муаллимлар, ўз номини дунёга таратаётган иқтидорли ёшлар, спортчилар таклиф этилган.
Убайдулло омон, Ўзбекистон Халқ артисти:
- Шундай дориломон кунларда халқ билан бирга бўлиш биз, санъат аҳли учун саодат. Бугун улар ўртасида Ватанга муҳаббат, тинчлик ва хотиржамлик, ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилишга ҳожат йўқлигидан баниҳоя мамнунмиз, ваҳоланки, бу солиҳ туйғулар улар қалбида тўла камол топган. Шукроналик кайфияти улуғ. Юракларида фидоийлик, садоқат ва шунинг баробарида сергаклик мужассам. Бундан биз озиқ олдик, бундан биз баҳра олдик.
Мустақиллик тантанаси эса шу миллат фарзандиман, шу заминда яшаяпман, вояга етаяпман, менинг Ватаним – Ўзбекистон, деган ҳар бир ўғил-қизнинг, кексаю ёшнинг байрами. Байрамлари кўпайсин элнинг. Шодиёналар татисин. Зеро, тинч ва тотув, осойишта ва фаровон, тараққиёт сари одимлаган, ривожланиш чўққиси сари лочиндек кўкка тўш урган юртга байрамлар ярашади.
Зарифжон Комилов,
вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси.