Дилкаш давраларда истиқлол завқи

Кўз очиб юмгунчалик вақт ичида мактабни тугатганимизга ҳам 25 йил бўлибди. Инсон ҳаётда неларга эришмасин, ҳар қандай нуфузли илм даргоҳларида таҳсил олмасин, барибир, болалигининг энг гўзал ва энг тотли дамлари ўтган жонажон мактабини соғиниб, унга талпиниб яшар экан…

 

Анча йиллардан буён бир-биримиз билан тўпланишолмаган собиқ синфдошлар мактабда йиғилишадиган бўлдик. Ўзим туғилиб ўсган қишлоқдан 3-4 чақиримча олисдаги мактабга томон йўл олдим. Ҳали дарвозадан чиқиб, 10-15 қадам ҳам юрмаган эдим “Мактаб болалари” деган ёзув туширилган автобус ёнимга келиб тўхтади. “Йўлинг шу томонга ўхшайди, ўтир қизим!” –деди ҳайдовчи. Мен ҳам хурсанд, ҳам ҳайрат билан автобус ўриндиғига ўтирдим. Хурсандлигим олис йўлим яқин бўлди. Ҳайратда қолганим мактаб болалари қатнови учун автобус ажратилгани. Ҳайдовчи нигоҳимдаги саволни уқиб олди, шекилли: “Болаларга қулай имкониятда бу. Ҳам бола йўл босиб чарчамайди, ҳам ота-онанинг хавотирига ўрин йўқ… йўлкираси бепул, мактаб жамғармаси ҳисобидан тўланади”, -қўшиб қўйди у. Буни қарангки, биз болалигимизда қишда лой, ёзда чанг кечиб ўтадиган йўллар ўрнини текис ва равон йўллар эгаллабди. Йўлнинг икки томонида салобат тўкиб турган намунавий уй-жойларни кўриб, завқингиз ошади. Замонавий кўринишдаги дўконлару, турли маиший хизмат шаҳобчаларини айтмайсизми? Дўконлар маҳсулотлар билан оша-тошалиги шундоқ маълум. Хаёлимнинг бир учи яна болалигимга чопди. Битта ручка ёки дафтар керак бўлса, ота-онамиз бекатларда соатлаб кутиб, бу ҳам етмагандек шалдироқ ва тиқилинч автобусларга ўтириб, ўқув қуролларини ҳу-ув туман марказидаги дўконлардан харид қилиб келишарди. Бугун эса дарвозадан бир қадам қўйишса, бас, исталган нарса топилади. “Зув” этиб, манзилга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибман. “Ие дарров-а, етиб келдикми?!” –дебман ўзим сезиб-сезмай. Менга қараб кулимсираб турган ҳайдовчига ташаккуримни билдириб, болалигим кечган мактаб ҳовлисига тушдим. Биз ўқиган мактаб қиёфаси ўрнида замонавий, муҳташам бино салобат тўкиб турарди. Мўъжиза! Чоғроқ, нимқоронғу синфхоналардан-ку дарак ҳам йўқ. Кенг, шинам, ёруғ хоналар, бежирим парталар, синфхоналарнинг замонавий ўқув-қуроллар билан бойитилганидан дилингиз баҳра олади. Физика, химия фанлари хоналари қулайликларини айтмайсизми? Айниқса, компьютер хонаси. Ўқувчилик йилларимизда бу хонада информатика дарсидан фақат назарий сабоқларнигина олганмиз. Шунда ҳам ҳар икки ёки учта синфга битта калькулятор тўғри келарди. Орамизда унинг битта тугмачасига, ҳатто, бармоқ босиб кўрмаганлар ҳам топилиши бугунги ўқувчи учун қанчалик эриш туюлмасин, бу ҳақиқат. Бугун эса ҳар бир ўқувчи энг сўнгги русумдаги компьютер билан бемалол “тиллаша” олади, бу борада улар орасида турли танловларда ғолиб бўлаётганлар ҳам талайгина. Биз компьютерлар тузилишини фақатгина суратлардагина кўрганмиз. Бу ўзгариш ва янгиликлардан фойдаланиш фарзандларимизга насиб этгани қанчалар қувонарли. Собиқ синфдошлар, ҳали-ҳамон ёшларга сабоқ бериб келаётган бир нечта устозларимиз билан гурунглашиб, мактаб стадиони томон йўл олдик. Стадион шу қадар ўзгарган, ҳатто, шундоқ қошида яп-янги спорт мажмуаси ҳам қад ростлаган экан. У ерда спортнинг қатор турлари бўйича машғулотлар ҳам олиб борилмоқда. Вилоят ва мамлакат шаън-шавкати учун курашаётган, муваффақиятлари баланд ўқувчи-ёшлар борлигидан ғурурланиб кетдик. Шу мактабда ўн йил ўқиб, жисмоний тарбия дарсларини мактаб ҳовлисида ёки синф хоналарида шунчаки уч-тўртта машқ бажариб-бажармай ўтказган дамларимиз кўз олдимиздан ўтди. Ҳатто, шашка, шахмат доскалари йўқлигидан уни қоғозда чизиб, дона сурганларимизни эслашдик. Бундай шароит, имкониятлар қаерда эди?! Қийинчиликларга қарамай, синфдошлар ҳаммамиз жамиятда ўз ўрнимизни топа олганмиз. Ким шифокор, ким ўқитувчи, биров муҳандис, яна бири тадбиркор, фермер. Ҳунарманду қурувчилар ҳам оз эмас. – Синфдошларингиз орасидан Идибой тадбиркор жуда танти чиқди-да, -деб қолди биз билан гурунглашиб турган устозларимиздан бири, – мана шу мактаб ошхонасини қайта таъмирлаб, замонавий ошхона жиҳозлари билан таъминлади. Ҳув Суннатжон эса бундан етти-саккиз йил илгари ташкил этган пишириқлар цехи маҳсулотлари билан уни тўлдирди. Ўшандан буён ўқувчилар арзон ва сифатли ширинликлардан баҳраманд. Ширинлик маҳсулотлари чет элникидан қолишмайди. Хурсанд бўлиб, саховатпеша синфдошимизга юзландик. – Мустақиллик шарофати-да бу! –кулимсираб сўзлади Суннатжон, -тадбиркорлик ортидан бир нечта хорижий давлатларда ҳам бўлдим. Хориж технологиялари ва у асосда маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдим. Имконим даражасида бир-иккита ускуналаридан харид қилдим. Баҳолиқудрат шогирдлар билан ишлатиб турибмиз. – Эсларингдами, авваллари дала деҳқонлари қатори, биз ўқувчилар ҳам белларимизга ўзимиздан катта этакларни боғлаб олиб, тонгдан шомгача пахта далаларидан қайтмасдик. Раису бригадир боваларнинг зуғумини айтмайсизми? Шунча меҳнатга яраша бечора деҳқоннинг косаси оқармасди. Ҳозир-чи? Истиқлол туфайли деҳқоннинг ҳам насибаси бутун бўлди. Мана, Одил синфдошимизни олайлик, унинг фермер хўжалиги илғорлар сафида. Техника ускуналари етарли. Меҳнатига яраша фойда ҳам олаяпти. 50 нафарга яқин фермер хўжалик аъзоларининг қорни ҳам, усти ҳам бут, оиласи тинч, тўқ, фаровон. Эҳ-ҳе-е, бундай илғор фермерлар қишлоғимизда ўнлаб топилади. Шукур, шундай замонларни мактаб дарвозасига қулф осиб, биз ўқувчиларни далаларга солган ўша дамларда етти ухлаб, тушимизда кўрибмизми?! – сўзлади яна бир тадбиркор синфдошимиз Қаҳрамон суҳбатга аралашиб. Шу пайт унинг қўл телефони жиринглаб қолди. Хорижда таҳсил олаётган укаси экан. Маъмура синфдошимиз сўз бошлади: – Бундан 20-25 йил олдин битта қишлоқда битта ёки иккита телефон бўларди. Шунда ҳам қўшни қишлоқ ёки қўшни туманга зўрға чиқиларди ёки бўлмасам, туман марказларидаги почта бўлимларига бориб, қўнғироқ навбатини соатлаб кутардик. Бугун етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамманинг қўлида телефон. Шундоқ ўтирган жойидан дунёнинг нариги чеккасидаги оғайниси билан, ҳатто, бир-бирини кўриб туриб, бемалол гаплаша олади. Шукур, шундай замонларга, кўз тегмасин! – Буни тараққиёт, деса бўлади. Нафақат, қўл телефон, бугун ҳар бир дарвоза олдида икки-учтадан машина бор. Истаган манзилингга “ғиз” этиб етасан. Бир пайтлар кимдир бетоб бўлса, “Тез ёрдам”га чиқиш учун телефон топилмаса, туман марказидаги шифохонага обориши учун қишлоқнинг ҳу-ув четидаги тракторчига югурардик, – ўйчан сўз бошлади ўқитувчи синфдошимиз Шаҳло, – бугун юртимизда муҳташам иншоотлар қатори шифо масканлари ҳам ортиб бормоқда. Тиббиёт масканларида беморлар учун яратилган шарт-шароиту имкониятларни-ку гапирмай қўя қолайлик. Биринчи ёрдам учун зарур дори-дармонларгача бепул. Мустақиллик шарофати-да бу! Синфдошларимнинг бири олиб, бири қўярди. Ҳар бирининг чеҳрасида шукроналик, қалбида хотиржамлик, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик!” фахр ифодаси балқирди. Гўзал ва бетакрор истиқлол тантанаси арафасида шундай дилкаш давраларда шукроналик туйғуларини эшитиш, ҳис қилиш янада завқли, ғурурли.

ЛАЙЛО