ЁН  ДАФТАРДАН

ДИЛШОД РАЖАБ — Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Низомий номидаги ТДПУ филология факультетини тугатган. Филология фанлари номзоди. Отамнинг боғи, Дарё кўнгил, Жилвон ўглони, Алифбо, Саноқ”, Сукут сарҳади”,  “Таниш  товушлар”, “Нур йўли”, “Ўн  ўртоқ” каби  ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Журналистика соҳасида VI “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори. Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг  “Вазият” газетаси бош муҳаррири.

Ҳолат

Бухоролик авлиё-алломалар ҳақида ўйласам, улар Бухоронинг тор жин кўчаларидан чиқиб, кенг дунёни “забт” этганига қойил қоламан. Шоирлигимга бориб, бу жин кўчаларни “авлиё кўчалар” дегим келади.

 

НАТИЖА

Ноль (0) бу ҳеч нарса, пуч нарса, дегани. Математикада оддий бир тушунча бор: қайси сонни нолга кўпайтирсанг, натижа ноль бўлади. Ҳатто у қанчалик йирик сон бўлса ҳам. Инсон ҳаёти ҳақида ўйласам, шу математик амал эсга келади. Агар инсон ҳам ўзига берилган бебаҳо умрни дунёдаги ўткинчи, ҳеч нарсага арзимас ишларга, пуч орзу-ўйларга сарфласа, натижаси ноль бўлади, ҳеч бўлади.

 

МАНСАБ ВА МАЪНАВИЯТ

Афсуски, гоҳо мансаби юксалган сари маънавияти саёзлашадиган кимсалар учрайди. Улар тепадан туриб пастга назар ташлаш ўрнига яна ҳам бурни осмонда бўлиб, оёқ остини кўрмай қоладилар. Бу худди сув юзасига қалқиб чиққан кўпик, хору хаслар тубидаги дур-жавоҳирни билмаган кабидир.

Ҳаёт уммонида бир дур эмассан,

Сувнинг юзидаги кўпиксан, хассан.

Сен учун ғалати тазод бу ҳаёт:

Мансабинг баланду ўзинг кўп пастсан.

ХАЁЛ

Бир тўп чўп-ўтиндан ғарамдек қилинган лайлак уясини кўриб, хаёлига бир фикр келди: “Шуни ёқса, бир тандир нон пишади-ёв…” Дарҳол ўз фикридан қайтди: “Йўқ, йўқ, бировнинг уйини куйдириб, нон емоқни, ҳатто, хаёлга ҳам келтирмаслик керак!”

Дилшод РАЖАБ