Ҳунардан қадр топиб…

 

Шофирконда “Саврак” маҳалласини ҳунармандлар гузари сифатида алоҳида тилгаолишади. Ҳудуддаги 778 оиланинг, деярли, барчаси маълум ҳунарга ихтисослашган.

Мана, Ҳусеновлар оиласини олиб кўрайлик. Хонадон соҳибаси Нигора опа уста зардўз, патдўз сифатида танилган. Матога зар иплардан турли хил шакллар, миллий нақшлар солиб ишланган белбоғ, чойнакпўш, тўнларни кўриб  уста маҳоратига таҳсин ўқийсиз. Ана шу маҳорат туфайли Нигора Ҳусенова нафақат вилоят, балки юртимиз ҳунармандлари орасида ҳам довруғ қозонган. Чунончи, у бир неча бор “Ташаббус” кўрик-танлови туман босқичидағолибликни қўлга киритган.

Нигора опа бундан беш йилча муқаддам ҳудуд аёлларига бу ҳунарлар сир-асрорларини ўргатиш ва шу орқали уларни фойдали меҳнатга жалб этиш мақсадида маҳалла фуқаролар  йиғини билан ҳамкорликда уста-шогирд усулида марказ ташкил этган эди. Унда 20 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганиб, шу орқали хонадонлари моддий аҳволини яхшилашяпти.

Айтиш жоизки, Нигора опа ушбу ҳунари орқали оилавий бизнесини ҳам йўлга қўйган. Қизи Нигина унинг ёнида туриб, матога зар кашта солса, ўғли Шоҳнур асосан, маркетинг билан шуғулланади. Тайёр маҳсулотларни мижозларга элтиб беради, буюртмалар қабул қилади.

— Корчўпга бўйим етмасди, шунда стулга кўрпача тўшаб, зар тикишим учун қулайлик яратиб беришарди, — дея завқланиб эслайди Нигина. – Шу тариқа ушбу ҳунар сир-асрорларини ўрганиб бордим. Зардўзлик кишидан сабр-тоқат, чидам, ката маҳорат талаб этади. Ушбу меҳнат баробарида айрича завқи ҳам бор. Каштадўзлик ҳам худди шундай. Улар бир-бирига боғлиқ, яна ўзгача ҳам. Ҳозирги кунда зардўзи кийимларни тикишнинг замонавий технологиялари ҳам мавжуд. Лекин биз миллий анъаналаримизга таянган ҳолда, уларни замонавийлик билан уйғунлаштириб, ўзига хос нақшли зардўзи кийимларни қўлда тикамиз. Мақсадим — келгусида шу ҳунарни мукаммал эгаллаб, онам каби элга моҳир ҳунарманд бўлиб танилиш, юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшиш.

Ҳудудда Нигора опаси сингари тадбиркорлик орқали оилавий бизнес билан шуғулланаётганлар вилоятимизда талайгина. Шундай тадбиркор ва ишбилармонлар заҳмати яратилган миллий буюмлар “Ипак ва зираворлар” фестивали савдо расталарини қўл меҳнати маҳсулотлари билан тўлдириб, унинг бой ва сермазмун ўтишида ҳисса бўлди.

Акбар РУСТАМОВ