САНЪАТКОРЛАР “UZDAEWOO TEXTILE BUKHARA” КОРХОНАСИДА

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан тадбикорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг Бухородаги яққол намуналаридан бири “UZDAEWOO TEXTILE BUKHARA” корхонасининг бугунги кундаги ўрнидир. Фестиваль доирасида тарғибот гуруҳи аъзолари мазкур ташкилотга ташриф буюришди. Ташриф давомида улар 2008 йилда ташкил этилган корхонанинг 800 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари ва уларнинг фаолияти, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Маълумки, мазкур корхона дастлаб қўшма корхона сифатида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда хусусий фабрикага айланган. Корхонанинг уч турдаги ип-калава маҳсулотлари ўндан ортиқ хорижий давлатларга, жумладан, Швецария, Германия, Япония, Хитой каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

  • Корхонамиз 14 та бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир цехда ходимлар аҳилликда ишлашади. Ишчилар учун барча шароитлар муҳайё, уларнинг соғлиги ҳамда ижтимоий ҳимояси доимий назоратда, – дейди ташкилот касаба уюшма қўмитаси раиси Воҳида Ҳамроева.

Корхона  “Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳасининг ҳам ташкил этилгани, айниқса, диққатга сазовор бўлди. Бунда шоир Рустам Мирвоҳид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Собиржон Мўминов, Тоҳир Саидов, театр актрисаси Омина Тўрақуловалар сўзга чиқишиб, истиқлол йилларида ёшларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида фикрлар билдиришди.

Санъаткорлар билан суҳбатдан сўнг ёшлар  концерт дастуридан баҳраманд бўлишди.

Шавкат БОБОЖОНОВ