Ўз қудрати ва тенгсиз обидалари билан дунёга донг таратган, не-не буюк зотларга бешик муқаддас макон – Бухоройи шариф яна бир фахр-ифтихорга тўла юксак тантанага мезбонлик қилди. Йўлларию кўчалари ойдин, шаҳар марказидан тортиб, энг олис қишлоқларигача обод бўлган, бугун гўё юрагида қуёш балқиб – “Кўҳна ва боқий Бухоро”ни яратган шариф шаҳар куч-ғайрат, шижоатга тўлиғ ёшлик нафаси ила гуркирради.
Юрт тақдири учун ишончли йўлдан бораётган ўғил-қизларни маънан рағбатлантириш мақсадини илгари сурган “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги фестивалнинг Бухородаги тантаналари кўҳна юрт заминига янгича нафас олиб кирди. Шижоатли, мушти бутун, оловқалб, юрагида миллий ғоя, миллий мафкура, Ватанга меҳр, садоқат туйғуси лиммо-лим, ўзлигини англаган, умумбашарий қадриятлар руҳида камолга етаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган мазкур ёшлар фестивали барчага ҳаётбахш илҳом бағишламоқда.
Фестиваль доирасида Бухоро солиқ касб-ҳунар коллежи, Бухоро шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактаби, шунингдек, 32-Болалар мурувват уйида ташкил этилган лойиҳалар маънавий жиҳатдан эркин ва озод бўлган ёшларни ҳаёт иродасини мустаҳкамлашда, эътиқодини юксалтиришда, жамият равнақи йўлида курашишдан чарчамасликка ва тўхтамасликка чорлади.
Таниқли санъаткор, адиб ва шоирлар ташрифи болажонлар ҳамда ўқувчи-ёшлар қалбида ёрқин из қолдирди.
“Биз буюк юрт фарзандларимиз!” , “Биз билан бир сафда бўл!”дея жаранглаган болалар қичқириқларида шоду хуррамлик намоён бўлди.
Кўҳна замин янгича нафас ила янада файзли бўлмоқда.
Шаҳобжон КУБАТОВ