(матбуот анжумани)
“Биз буюк юрт фарзандларимиз!” ёшлар фестивали анъанага мувофиқ матбуот анжумани билан бошланди. Бухоро Гранд меҳмонхонасининг йиғилишлар залида ташкил этилган анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, халқ артистлари, санъаткорлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.Матбуот анжумани Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев томонидан очиб берилди. Бунда сўз олган Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова фестивални барча манзилларда уюшқоқлик ва юқори савияда ўтказиш орқали кўпминг сонли ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, барча туман ва шаҳар, чекка қишлоқ ва маҳаллаларгача тарғибот-ташвиқот тадбирлари билан кириб бориб, навқирон авлодни шу Ватан, шу юртнинг ёрқин келажаги учун хизмат қилишдек эзгу ғоя сари чорлаш, уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш фестивалнинг энг олий мақсади эканлигини билдирди.
– Бу йилги тарғибот карвонимиз жуда катта, – деди у ўз сўзида, – Бунинг боиси эса битта, ёшларимизни бир мақсад сари бирлаштириш, уларни келажагимиз бунёдкорларига айлантириш, бугунги глобаллашув шароитида уларни турли ёт ғоя ва мафкуралардан асраш, муҳофаза этиш ҳамда ҳар бир ёшда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришдир.
Матбуот анжумани давомида устоз санъаткорлар ҳам сўзга чиқишиб, ёшлар ташкилоти томонидан амалга оширилаётган “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” фестивалининг бугунги ўрни ва салоҳияти хусусида тўхталишди.
– Фестиваль нуфузи йилдан-йилга ортиб, унда ёшлар қамрови ҳам кенгайиб бормоқда. Бунинг ўзига хос асл томонлари бор экан-да!Қарангки, мен уйда ўтирган кезларимнинг бирида ёшлар ташкилоти фидоийлари келишиб, мени қўярда-қўймай, фестивалга жалб этишди. ўшанда мен бир кекса санъаткор бўлсам, ёш юлдузлар талайгина. Ёшлар ёшлар билан, улар кекса санъаткорларни қандай қарши олишаркин, деган ўйга ҳам бордим. Аммо… аммо фестивалларда иштирок этиш жараёнларида мен ўзимнинг ёшларга, Ватанга ҳалиям керак эканлигимни англадим. “Камолот” Ватанга кераклилик бахтини қайта ҳис қилишимга сабаб бўлди, дея баралла айта оламан, -дейди барчамизнинг севимли санъаткоримиз Бахтиёр Ихтиёров.
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо муаллифлигидаги, Гулсанам Мамазоитова ижросидаги фестивалнинг “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” гимни видоелавҳа кўринишида намойиш этилди.
Анжуман охирида фестиваль ташкилотчилари томонидан Бухорода ўтказиладиган уч кунлик манзилли дастурларда белгиланган лойиҳалар орқали, айниқса, бутун дунёга хавф солаётган диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, одам савдосининг аянчли оқибатларини тушунтиришга кенгроқ ўрин берилиши таъкидланди.
Шавкат БОБОЖОНОВ