“ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИГА МАСЪУЛМАН!” шиори остидаги фаол ёшлар Форуми

Мамлакатимиз мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани самарасида ёшларимиз барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ёш авлоднинг замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”га ҳамда кучли ижтимоий сиёсат принципларига асосланган ҳолда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилди. 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишнинг қонуний асосини яратиб берди.

713226156_159702

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.

Ёшларни ижтимоий химоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, уларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш ушбу дастурнинг ўзига хос бўлган жиҳати бўлиб ҳисобланади.

Жорий йилнинг 26 февраль куни Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бухоро вилояти ҳокимлиги билант ҳамкорликда, “Камолот” ЁИҲ ҳамда “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририяти ташаббуси билан “Ўзбекистон келажагига масъулман!” шиори остидаги Фаол ёшлар форуми ташкил этилди.

713218944_30098

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, маданият, таълим, санъат ва спорт соҳасида турли ютуқларга эришган, давлат мукофотлари ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган ёшлар вакиллари, “Парвоз” гуруҳи иштирокчилари ва вилоятдаги фаол ёшлар иштирок этдилар.

Форумнинг асосий мақсади ўқув юртлари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ёшларнинг ҳуқуқий-сиёсий билимини ошириш, ёшлар жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий куч эканлигини тўла англаб етишларига кўмаклашиш, улар ўртасида ёшларга оид қабул қилинаётган  қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ва амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларларни такомиллаштириш юзасидан ёшларнинг таклифларини эшитиш, ёшларни қийнаётган масалаларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш борасида таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Форум турли миллат вакиллари томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остидаги тасвирий ва амалий санъат намуналари кўргазмалари билан бошланди.

Форум аввалида иштирокчи ёшлар эътиборига вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёти ташвиқотини оширишга кўмаклашувчи “Парвоз” фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи ҳамда вилоят ёшларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва салоҳияти,  ҳар бир ёш қалбида Она Ватанга, Ўзбекистон келажагига масъуллик туйғуси ошиб бораётганини ўзида мужассам этган видео тасвир намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчи-ёшларга “Бухоро ёшлари” газетасининг ушбу форумга бағишланган махсус сони  тарқатилди.

Форум иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатларига бугунги кунда ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутаётган турли масалалар, шунингдек, уларни ҳал этиш бўйича олиб борилиши мумкин бўлган борасида йигирмага яқин таклифлар тақдим этилди.

Форум сўнгида “Энг яхши таклиф” , “Энг яхши савол”,  “Энг фаол ёшлар жамоаси”, “Ёш сиёсатчи” ва шу каби номинациялар бўйича форум иштирокчилари ташкилотлар томонидан тақдирланди.