ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ БОР

Зарифжон КОМИЛОВ,

Вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси. 

      Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада самарали ҳуқуқий база яратилди. Аввало, Конституциямиз нормалари мамлакатимиз тарихида илк бор инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати энг олий қадрият эканлигини белгилаб берди.

Жумладан, Бош Қомусимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаат­ларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган. Яратилган ушбу ҳуқуқий асослар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳа­мият касб этмоқда.

Айтиш жоизки, фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятлари — мамлакатимизда олиб борилаёт­ган ислоҳотларнинг жойларда қандай амалга оширилаётганлигини баҳоловчи мезонлардан биридир. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари “Ҳар қайси мурожаатнинг ортида тирик жон турибди, уларда кимнингдир арз-доди, керак бўлса, дарди, айрим амалдорлар томонидан йўл қўйилган адолатсизлик турганини ҳеч қачон унутмаслик лозим”,-дея фуқароларнинг мурожаатлари, уларни кўриб чиқиш, ҳал этиш масалаларига ўз муносабатларини билдирганлар.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда, энг муҳими, халқимизнинг кундан-кунга ижтимоий-сиёсий фаол­лиги ва шу билан бирга уларнинг талаб-эҳтиёжлари ортиб бораётган ҳозирги пайтда депутат ва раҳбар кадрларнинг масъулияти юқори бўлиши лозим. Яъни фуқароларнинг мурожаатларига депутат ва раҳбарларнинг эътибор билан ёндашиши катта аҳамиятга эга.

Айтиш жоизки, ёшлар ва фуқароларнинг таклиф ва талаблари, мурожаат ва сўровларининг ҳеч бирини эътибордан четда қолдирмаслик, унутмаслик ҳар бир депутат ва раҳбар учун чинакам бурч даражасига кўтарилиши керак. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор.