ЭЪТИБОР НАМУНАЛАРИ

Элбек ШУКУРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракция аъзоси

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этиши барчамизга маълум. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда қарор топаётган ҳар бир сиёсат замирида жисмонан соғлом, ақлан етук, кўплаб билимларни, шунингдек, касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилиш мақсади мужассам.

Ғамхўрликларга жавобан бизнинг билимли, ўтмишнинг ҳар қандай иллатларидан озод бўлган ёшларимиз мамлакатимизни демократлаштириш ва либераллаштириш, уни янгилаш ва ишончли тарзда равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Кези келганда, бу борада эришилган ютуқларга яна бир тўхталиш ўринли бўларди. Инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни эгаллаб турибди. 2014 йилда “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллади. Бу каби юксак эътироф ва эътибор намуналарини кўплаб келтириш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарур.