ҚОНУН АМАЛДА БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Акмал ЖУМАБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси депутати,  Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси

Бугун жамият ва давлат қурилиши соҳасида сиёсий партияларнинг роли сезиларли даражада ошган. Айтиш жоизки, айнан, депутатларнинг сайъ-ҳаракати билан мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожланиб, улар аҳолининг сиёсий, ижтимоий фаоллигини ошириш, мамлакатни демократик янгилаш ҳамда модернизация қилишнинг қудратли омилига айланиб бормоқда.

Маълумки, мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўрикланадиган манфаатларини,  конституциявий тузумини ҳимоя қилиш асосий мезон саналади. Демак, ҳар бир фуқаро мамлакатимизда инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари ва бошқа эзгу мақсадлар йўлида ишлаб чиқарилаётган қонунлардан хабардор бўлиши ва унга амал қилиши, жоиз. Зеро, қонунлар жамиятни ҳаракатга келтирувчи кучдир.
Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, бугун биз бутунлай янги тарихий шароитда яшаяпмиз. Бироқ, ўрни келганда таъкидлаш жоизки, айрим фуқаролар ҳуқуқ, қонун, бурч, мажбурият каби атамаларни жавобгарлик ҳолатига тушиб қолгандагина эслайдилар. Лекин қонунни билмаслик ҳеч қачон айбни енгиллаштирмайди.
Биз қонунларни менсимасак, ўрганмасак, ҳурмат қилмасак, жамиятни бошқариш ҳам, адолатни қарор топтириш ҳам қийин кечади. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда: “…давлат давлатлигини қилмоқчи бўлса, фуқарони ўз паноҳига олиши зарур… қонун қоғозда қолиб кетса, жамият асло равнақ топмайди, қонун амалда бўлиши лозим”.