Жорий йилнинг 20-феврал куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бюджет ташкилотларига 20 минг нафар банкларга 1 000 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш вазифаси юклатилган эди.
Шундан сўнг электрон сўровнома асосида хатлов ўтказилиб, 73 минг нафар давлат ташкилотларида ишлаш истаги бор ишсиз ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлари шакллантирилди.
Уларнинг орасида болаликдан ногиронлиги бўлган, Когон шаҳри Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчи Умида опа Раупова ҳам бор. Умида опа 1974-йилда туг;илган бўлиб, ўз вақтида Маданият техникумини кутубхоначилик мутахассислиги бўйича тамомлаган. 23 йил давомида умумий ўрта таълим мактабларида кутубхоначи бўлиб ишлаган.
Қаҳрамонимиз яқинда ногиронлиги бўлган шахслар учун vacancy.argos.uz платформаси орқали эълон қилинган бўш иш ўринларидан бирига ариза топшириб, очиқ танловларда суҳбатдан яхши ўтиб, Когон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабига кутубхоначи лавозимига ишга қабул қилинди.
– Узоқ йиллар давомида соҳам бўйича ишладим, – дейди Умида Раупова. Сўнгги йилларда эса соғлиғим анча ёмонлашиб, ишдан кетишга мажбур бўлган эдим. Даволанишлар натижасида ўзимга келган бўлсам-да, аммо ўзимга мос иш топиш муаммо эди. Ҳудудимиздаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари барча корхона ва ташкилотларда мен каби ногиронлиги бўлганлар учун бўш иш ўринлари эълон қилинганини айтганида қизиқиб кўрдим. Ариза қолдирдим ва суҳбат асосида ишга қабул қилиндим. Бир ўғлим бор. Ҳозирда Тошкент Ахборот технологиялари университетида таҳсил оляпти. Шу ўглимнинг келажаги учун ҳам ишлашим керак. Касал бўлишга, ётиб қолишга ҳаққим йўқ. Иродамни мустаҳкамлашга, мен ҳам жамиятнинг муҳим бўлаги эканлигимни яна бир бора англаб, касаллик билан курашишга айнан мана шу ишим ёрдам беряпти.