Ёшлар – келажагимизга асос

Инсон ҳаёт йўлида ўз мақсадларига эришиш учун тинимсиз изланишда яшаса, у ўз ҳаётини мазмунли ва бой қилиши тайин. Ёшлар эса бу йўлнинг энг илк қадамларида юрибди, улар – Ватаннинг эртанги кун эгалари, улкан вазифалар учун масъул инсонлардир. Ёшларнинг орзу-интилишлари ва ўзига хос ташвишлари билан ҳамнафас бўлиш, уларнинг ишончини оқлаш йўлида куну тун меҳнат қилиш шарафи менга насиб этганидан жуда мамнунман.

Бизнинг маҳалламизда 1675 нафар ёшлар бор. Ҳар бири бир олам, ўзига хос хусусият ва имкониятлар жамланмаси. Улар билан индивидуал ишлаб, уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, муаммоларини ечиш мен учун биргина масъулият эмас, балки руҳий завқ манбаи ҳамдир. Ёшлар билан ишлаш жараёнида уларнинг феъл-атворини тушуниш, ҳаётий масалаларни ечишда кўмак бериш инсонни ўзига тортувчи жараёндир. Бу эса менга янада кўпроқ илҳом бағишлайди.

Ҳаётда мени тарбиялаган, тўғри йўл кўрсатган инсон бу – отажонимдир. Унинг ақлли маслаҳатлари, ҳаёт ҳақидаги ўгитлари доимо ёрқин юлдуз каби йўл кўрсатиб туради. Унинг меҳри ва эътиборидан доим ўрнак олганман, унинг буюк мероси менинг ҳаёт йўлимга ёруғлик бағишлаб келади. Отажонимнинг маслаҳати билан маҳаллада шахмат хонаси ва кутубхона ташкил қилдик. Бугунги кунда кутубхонамизда 2500 дан ортиқ китоблар мавжуд. Бу жой ёшлар учун маънавий оламга йўл очувчи, илм ва зеҳн манбаига айланди.

Қолаверса, маҳалламиздан миграцияда бўлган 23 нафар ёшлар билан ҳам доимий боғланиб турамиз. Улар ҳам биздан руҳий қўллаб-қувватлаш олиб, ўз мақсадлари сари интилишмоқда.

Ёшлар – биз учун келажакка йўл, уларнинг куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, орзу-умидларини амалга ошириш учун астойдил хизмат қилиш биз учун фахрдир.

Мирфайз Муҳаммедов, 

 Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” МФЙ ёшлар етакчиси