Бугун дунёда тўғридан тўғри денгизга чиқиш имконияти бўлмаган 32 давлат мавжуд. Буларнинг 16 таси Африка, 10 таси Осиё, 4 таси Европа, яна 2 таси Лотин Америкасида жойлашган. Ушбу давлатларда дунё аҳолисининг 7 фоизи, яъни 500 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади. Ўзбекистон ҳам мана шу давлатлар рўйхатида.
Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 4-5 август куни БМТнинг “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси”да иштирок этди. Ушбу конференциядаги иштирок Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги лидерлик ўрнини янада мустаҳкамлаш, ривожланиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди.
Айниқса, бой тарихий тажриба, қардошлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик, азалий қўшни ва биродар халқ раҳбарларининг учрашувлари ҳар галгидек юксак манфаатлар, эзгу мақсадларга сабаб бўлди. Шу маънода “Биз учун Туркманистон – минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз”, дея бежизга айтмаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Ўзбек-туркман муносабатлари ҳақида
Тарихдан аёнки, туркманлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён яшаб келадилар. Улар ўзларининг кўп асрлик маданияти ва анъаналарини сақлаган ҳолда Ўзбекистоннинг кўп миллатли ягона оиласига уйғун тарзда қўшилиб кетганлар. Туркманларни ўзбек халқи билан тили, маданият, урф-одат ва тарихий илдизларининг яқинлиги, шунингдек, иккала халқ учун умумий бўлган эпос, афсона ва халқ достонлари бирлаштиради.
Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотига кўра, мамлакатимизда 1990 йилда 123 711 нафар, 2000 йилда 144 601, 2019 йилда 198 797 нафар ва 2022 йил ҳолатида эса 200 000дан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилаётир.
130дан ортиқ миллат ва элатни “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида бирлаштириб келаётган жонажон юртимизда икки юз мингдан ортиқ туркманлар ўз миллий маданиятлари, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш бўйича конституциявий ҳуқуқларини 2001 йил 7 май куни ташкил қилинган Республика Туркман маданий маркази орқали амалга ошириб келмоқда. Айтиш ўринлики, бугунги кунга келиб ушбу марказнинг таркибий тузилмаси ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Туркман маданий маркази, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари фаолият юритиб келмоқда.
Бағрикенг диёримизда миллат ва элат вакиллари сингари туркман миллатига мансуб фуқаролар ҳам юртимизнинг муҳим саналари: “Наврўз”, “Мустақиллик куни”, “Конституция куни” сингари умумхалқ байрамларида фаол қатнашадилар. Ушбу миллатнинг тарихий шахслари, алломалари жумладан, туркман тилининг асосчиси, ХVIII асрда яшаб ўтган буюк шоир ва аллома Маҳтумқули, туркман мумтоз шоири Молланапес Қодирберди ўғли каби инсонлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Шунингдек, туркман халқи буюк шахслари, шоиру арбобларининг ўзбек тилига таржима қилинган китобларининг тақдимоти ўтказилади, туркман санъати ва халқ ҳунармандчилиги намуналари намойиш қилинади. Айтиш керакки, юртимизнинг кўпгина маҳаллалари, кўчалари, истироҳат боғлари, муассасаларига туркман халқининг шаҳар/туманлари, таниқли шахслари, арбоблари, шоирларининг масалан, “Ашхабот” истироҳат боғи, “Махтумқули” номидаги маҳалла, кўчалари номи берилган. Бу эса, бағрикенг Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ғоясини кенг қулоч очишига, “Инсон қадри учун” умумхалқ ҳаракати миллатидан қатъий назар тенг ва кенг амалда йўлга қўйилганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ўзбек-туркман муносабатларининг ривожланишига кўмаклашиш баробарида марказлар жамоатчилиги томонидан ҳар йили ўзбек-туркман дўстлиги кечалари ташкил қилинади. Бугунги кунда миллий маданият марказлар ўқитиш туркман тилида олиб бориладиган 40 дан ортиқ мактабларга кўмаклашадилар, ушбу мактаблар учун мутахассислар Қорақалпоқ давлат университетининг туркман филологияси факультетида, Беруний шаҳридаги Педагогика коллежида тайёрланади. Бундан ташқари, республикада туркман тилида бир қатор газета ва журналлар чоп этилади. Ёшлар билан ишлаш дастурлари доирасида марказлар қошида ҳаваскор бадиий жамоалар ташкил этилган бўлиб, улар орасида энг машҳури Қорақалпоғистон Туркман маданий маркази қошида фаолият юритувчи “Орзу” ансамбли ҳисобланади. Ушбу марказда “Мекан” газетаси ҳам чоп этилади.
Тинч ва фаровон ҳаёт сари…
Сўнги саккиз йилда дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилди. Бунинг ягона сабаби Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кучли иродаси туфайли Марказий Осиё давлатлари, айниқса, қўшни мамлкатлар билан “яхши қўшничилик”, дўстона муносабатларни ўрнатиш, тинчлик ва фаровон ҳаёт сари бирлашиш, биргаликда минтақани ривожланган мамлакатларга айлантириш каби улуғвор мақсадларни интилишда кузатиш, кўриш мумкин.
Юртимиз Раҳбарининг бу борадаги саъй ҳаракат натижаларини қайси мамлакатгага ташриф буюрмасин, юксак минбарлардан туриб давлат раҳбарлари эътироф этаётганида ёки муносиб даражадаги олий орденлар, нишонлар билан тақдирлаш жараёнларида кўриб гувоҳи бўляпмиз. Қозоғистоннинг “Олтин қиран” ва “Дўстлик”, Қирғизистоннинг “Данакер”, Тожикистоннинг “Зарринтож”, Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг “Республика” орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.
БМТ конференцияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан тақдирланди. Жорий йилда Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг олий мукофоти – “Олий даражали Дўстлик” ордени топширилган эди. Бу ҳам икки давлат ўртасидаги ҳурматнинг юксак даражасини англатади.
Тантанали маросимда “Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан”, – деди Давлатимиз Раҳбари.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари Марказий Осиёда ҳамкорликни илгари суришга улкан ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Бугун бутун халқаро ҳамжамият минтақавий шериклик ва ўзликнинг янги моделини барпо этишдаги умумий муваффақиятларимизни эътироф этаётгани таъкидлади.
Шу ўринда эсга олиш муҳимки, 2022 йил октябрдаги ташрифда Президентимизга Туркманистон давлат университетининг Фахрий профессори унвони берилгани, Ашхобод шаҳрида «Тошкент» боғи очилгани, «Хоразм – Тошовуз» чегараолди савдо маркази қурилиши бошлангани ташрифнинг муҳим воқеаси бўлган эди.
Турманистон республикасига ташриф ва “БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси” саломоғи жиҳатидан жуда катта мақсадлар ва натижаларга эришилди. Жумладан: икки мамлакат ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзоланди. Шунингдек, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди.
Айтиш ўринлики, ушбу конференция минтақавий ўзига хослик ва маданий ранг-барангликнинг навбатдаги намунаси сифатида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳамда Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик макони сифатида намоён этишда муҳим қадам бўлди. Унинг доирасида қабул қилинган Аваза декларациясида белгиланган чора-тадбирлар рўёбга чиқиши Марказий Осиё давлатларининг ўзаро интеграциясини кучайтириш, дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун янги ва ёруғ истиқболларни очишга хизмат қилади. Умуман олганда, Президентимизнинг ушбу амалий ташрифи Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари ривожига янги суръат бағишлаши билан бирга давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик, қон-қардошлик, яхши қўшничилик алоқаларининг ўзига хос ёрқин ифодаси бўлди.
Зеро, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Президентимизни аэропортда шахсан кузатиб қўйгани ҳам ўзаро ҳурматга асосланган самимий ва дўстона муносабатларимиз, халқларимиз ўртасидаги чинакам қардошлик ришталарининг бебаҳо намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг
34 йиллигининг “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” бош ғоясига ҳамоҳанг олий мақсадларимизга уланган бу ташриф халқимиз тинчлиги, фаровонлигини таъминлаш ҳамда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини янада намоён этиш, асосийси, халқлар ўртасидаги орзу мақсадларни рўёбга чиқаришга замин бўлади.
Азизбек АМОНОВ,
Бухоро давлат университети Ёшларни маънавий юксалишига кўмаклашиш депаратменти бошлиғи, доцент