1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ёшларнинг ижтимоий ва маънавий жиҳатдан юксак даражада камол топишига қаратилган давлатнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди.
Ёшларимизни тарбияси борасида, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда, иш билан банд қилишда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги,
“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қатор қонун ва дастурларининг қабул қилиниши ва ўзининг ижобий натижаларини бераётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз И.Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мустақиллик йилларида олиб борилган ёшларга, хусусан, уларнинг жамиятда ўз урнини топиши борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий ва қонуний давоми сифатида бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Қарорга мувофиқ, 2014 йилда ёшларга овлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Ушбу Дастурларнинг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида ташвиқот ишларини олиб бориш, уларнинг сиёсий дунёқарашларини янада кенгайтириш, жамият тараққиёти ва ривожида ёшларнинг қонунлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини билишлари нечоғли аҳамият касб этишини улар онги шуурига теранроқ сингдириш мақсадида “Бухоро ёшлари” газетаси қошидаги “Парвоз” тарғибот гуруҳи фаоллари томонидан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати: назария ва амалиёт” мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ўқув-семинарда тарғибот гуруҳи аъзоларидан ташқари, “Сени яхши кўраман, Ватан!” шиори остида тарғибот гуруҳи телеграмм тармоғи аъзолари ҳам иштирок этишди.
Ўқув-семинарни гуруҳ раҳбари Жума Саъдуллаев томонидан очиб берилди.
Ўқув-семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, турли сиёсий журнал ва қонун ҳужжатлари ва бошқа кўргазмали воситалар билан бойитилди. Гуруҳнинг фаол аъзоси, Бухоро Давлат университети, ижтимоий-иқтисодий факультети 3-босқич талабаси Шаҳобжон Кубатов ўқув-семинар жараёнларини олиб борар экан, ҳар бир асар ҳамда қонун ҳужжатлари тўғрисида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тушунча берди.
Бундан ташқари, маърузачи томонидан иштирокчиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида мавзуга оид эгаллаган билимлари синовдан ўтказилди. Иштирокчилар саволларга жавоб беришди.
Қизғин тарзда ўтказилган ўқув-семинар давомида иштирокчилар Россия киноижодкорлари томонидан суратга олинган маданиятимиз, миллий қадриятлару урф-одатларимиз акс этган, улуғ қадамжолар ва тенгсиз обидаларимиз сайқал топган, қўли гул устаю ҳунармандларимиз меҳнати қадр топган жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг жаҳон кўксидаги дурдона мисол қимматга эга эканлиги тасвирланган “Узбекистан. Жемчужина песков” (“Ўзбекистон. Гавҳар тупроқ”) ҳужжатли фильм намойишини томоша қилишди.
Ўқув-семинар сўнгида гуруҳ аъзолари “Парвоз” томонидан йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида мулоҳаза юритишди.