Келажак технологиялари сари

— Меморадум имзолашнинг асосий мақсади халқаро лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдир. Учрашув давомида илмий ишларимизни Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари билан бўлишдик ҳамда қизғин савол-жавоблар мобайнида аниқ режалар белгилаб олинди, — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошидаги Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази Кончилик иши ва минерал хом ашёларни чуқур қайта ишлаш лабораторияси мудири Бердах Данияров.

Мазкур тадбирда БухДУ профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази делегацияси аъзолари иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази директори, техника фанлари номзоди Саидмурод Ниязбеков, илмий ишларни тижоратлаштириш бўйича директор ўринбосари Суннатулла Алиев, илмий ишлар бўйича япониялик мутахассис Юки Янагида, Кончилик иши ва минерал хом ашёларни чуқур қайта ишлаш лабораторияси мудири Бердах Данияров тадбир иштирокчилари бўлди.

Тадбирни Бухоро давлат университети Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Аброр Жўраев кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида олийгоҳнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва Япония каби технологик жиҳатдан ривожланган давлатлар билан ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқалари ёш тадқиқотчилар учун янги уфқларни очишини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошидаги Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази директори, техника фанлари номзоди Саидмурод Ниязбеков сўзга чиқди. У марказ фаолияти, ундаги замонавий лабораториялар, ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳамда япониялик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил тақдимот қилди.

Шунингдек, учрашувда халқаро эксперт, Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази илмий ишлар бўйича япониялик мутахассиси Юки Янагида иштирок этди. Унинг “Satreps hydrogen of Uzbekistan, for Uzbekistan, by Uzbekistan” мавзусидаги маърузаси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузада Ўзбекистонда водород энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ҳамда бу борада япония технологияларининг ўрни атрофлича таҳлил қилинди.

Мавзу доирасида профессор-ўқитувчилар ва делегация аъзолари ўртасида қизғин муҳокамалар ўтказилди. Томонлар энергетика, инновация ва технологиялар трансфери йўналишларида тажриба алмашишди.

Тадбирнинг энг аҳамиятли қисми сифатида Бухоро давлат университети ҳамда Ўзбекистон—Япония ёшлар инновация маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум:

икки муассаса ўртасида илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш;

талабалар ва ёш олимларнинг академик мобиллигини таъминлаш;

қўшма инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида янги босқични бошлаб беради.