Бугун анчадан буён режа қилиб юрган, аммо имкон топа олмаётган манзилга бордим. Қамоқхонага. Ҳа, қайта ўқисангиз ҳам яна шу сўз “қамоқхона”, адашмадингиз, ўқишда давом этинг. Бироқ қўнғироқ қилиб “қаердасан”, деб сўрашганда турмада эканимни айтишга уялдим. Шу кунгача бу ерга журналист сифатида бормаганимга афсусландим.
Тонгги соат 9:00 да шу ерда бўлдик. Узоқ ва қаттиқ текширувлардан кейин эшик санаб, саноғида адашиб, симтўрлардан ўтдик. Амаллаб маҳбуслар ёнига кирдик… Кириб борар эканман, “Эркак” сўзининг илк бўғинидан у эрк одами, боши ҳеч қачон бандаси олдида эгилмаслиги кераклигини ўйлайман. Ўйлайману бироқ, бу ерда…. бу ерда унақа эмаслигини англайман: “хўп, бошлиқ”, “узр, бошлиқ”, “лаббай, айтинг бажараман!”… Маҳбуслар тилида шу гаплар тез-тез айланишига гувоҳ бўлдим.
Берилган топшириқ бўйича афв этилганлар билан суҳбатни тасвирга олиш керак эди. Мен бу ишни тасвирчимизга қолдирдимда ўзим 4-7 йилдан буён тўрт девор ичида яшаётганларнинг ички кечинмаларига қизиқдим. Маҳбуслар билан суҳбатлашдим. Улар орасида “иелтс” бали 7 бўлган маҳбус бошқаларга дарс ўтяпти, рассом турма деворларини бўяяпти… Уларни кузатиб турсам, хусусий ОТМдан давлат ОТМига кимнингдир ўқишини кўчириш эвазига пора билан ушланган ака ҳазиллашиб: “Ўқишингизда муаммо бўлса, ёнимга келаверасиз”, деди… Хуллас, бу ердагиларнинг аксарияти қўлида ҳунари бор, илмдан хабардор одамлар экану нафс ёки шайтоннинг йўлига билиб-билмай қадам қўйишганини тушундим. Маҳбусларнинг ҳаммаси бир хил кийинган.… Ёшлик даврларида уларнинг ҳам каттаю кичик орзулари бўлган, барибир. Афсуски, ўз айблари билан ўз келажакларига доғ туширишган. Қачон уларнинг қизалоқлари “дадажон”, деб фахрланади, оналар қачон дастурхон кўтариб совчиликка боришади, набиралар қай маҳал бобосининг қучоғига ошиқади? Шуларни хаёлимдан ўтказиб, улар билан суҳбатни якунладим. Бу ерда мен учун бир сония бир йилдек ўтди. Ўша онда тўйииб йиғлагим келди. Берилган умрга жоним куйди. Ҳеч бир фарзанд отасининг бу аҳволини кўрмасин, ҳеч бир она ўғлининг бу ердаги ҳолига гувоҳ бўлмасин, илоҳим! Бир аёлнинг “Эрим бу ердан оқланиб чиқади, ҳа?” деган гапи қулоғим остида такрор-такрор айланяпти ҳалиям…
Оқ қоғоздаги шеър эса маҳбус тилидан қизига атаб ёзилган экан, мукаммал эмас, аммо сурхон ўғли томонидан ёзилган бу шеър минг дард билан битилган.
– Қизим ўзиз ўқингчи, деди, – у шеърнинг 3 бандини ўқигач.
У кўзларидаги намни атрофдагилардан яширишга уриндию лекин, кийимига томчилаётган кўз ёшлари буни ошкор қиларди. Шеърни овоз чиқариб ўқидим аммо, мен ҳам давомини ўқиёлмадим…
– Раҳмат, қизим, бугун мени дунёча хурсанд қилдинг, ҳар бир отага сендек қиз насиб қилсин, – деб хўрсиндию, – оталар ҳам сизларга муносиб бўлсин,- дея паст овозда қўшиб қўйди.
Шаҳризода Ҳамроева,
БухДу 3 босқич талабаси