Аббосбек-муваффақиятли ёшларнинг ёрқин намунаси

Аббосбек Рахимов 2005-йилда куни Хоразм вилояти, Гурлан туманида таваллуд топган.

У болалигидан билимга чанқоқ, изланувчан ва ижодкор йигит бўлиб улғайган.

Ҳозирда у Бухоро вилоятидаги Осиё Халқаро Университети тиббиёт факультетининг 2-босқич талабаси ҳисобланади.

Тиббиёт соҳасини танлагани унинг инсонларга ёрдам бериш истаги билан боғлиқ.

У ўзининг аъло баҳолари ва фаоллиги билан устозлари ишончини қозонган.

Яқинда у МДҲ миқёсида ўтказилган илмий-амалий кўрик танловда иштирок этди.

Мазкур танлов «Буюк мерос: Тарих, маданият ва миллий қадриятлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференция доирасида ташкил этилган эди.

Аббосбек танловда ўзининг илмий иши билан фаол қатнашди.

Унинг иши ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Натижада у «Ватан ифтихори» кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Бу мукофот унинг билимдонлиги ва ватанпарварлигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Одамларга соғлигини тиклаш, даволанишда уларга кўмак бўлиш ниятида тиббиёт соҳасини танлаган бўлсам, адабиётга меҳрим беморлар руҳига шифо беришга кўмак бўлиб хизмат қилади. Шу қизиқишим туфайли шеър ёзиш қобилиятимни ҳам шакллантирдим. Шеърларим «Гурлан ҳаёти» газетасида чоп этилган,-дейди Аббосбек.

Шеър ёзишга мактаб йилларидаёқ меҳр қўйган Аббосбекнинг илк қадамларида ҳам юксак ҳиссиётлар мужассам эди. Ватанга садоқат, ёшлик орзулари ва инсонийлик ғояси мавзулари шеърларида етакчи ўринда туради. Ижодкор сифатида у ҳаётда учрайдиган кечинмаларни поэтик тасвирлашга ҳаракат қилади. Икки соҳада ҳам доимий тарзда ўз устида ишлайди.

Китобхонлик эса ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Айниқса, тарихий асарлар ва фалсафий рисолаларни ўқишни яхши кўради.

Бўш вақтимда ақлни чархлаш учун шахмат ўйнашни муҳим деб биламан. Шу орқали мантиқий фикрлашни кучайтирганман.

Бундан англаш мумкинки, Аббосбек нафақат билимли, балки жисмонан соғлом бўлишга ҳам эътибор қаратади. Дўстлари уни камтар, самимий ва меҳрибон инсон сифатида таърифлашади. Аббосбек ҳар доим бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Қолаверса, у жамиятдаги фаол ёшлар сафида муносиб ўрин эгаллаган. Келажакда у яхши шифокор бўлишни мақсад қилган. Шу билан бирга ижодини ҳам давом эттирмоқчи.

Аббосбек ҳар бир муваффақият ортида меҳнат ва ирода ётишини яхши билади. У устози, ота-онасининг ишончини оқлашга интилади.Шу ўйда ҳар бир куннни мақсадли ва режа асосида бошлайди. Ёшлигига қарамай, у анча пишиқ ва мулоҳазали. Аббосбек муваффақиятли ёшларнинг ёрқин намунасидир.