БАРЧАМИЗНИНГ БАХТИМИЗ

Улкан тоғдан қанчалик узоқлашганинг сари унинг салобати янада яққолроқ кўзга ташланаверади. Демак, ҳар қандай ишнинг улуғлиги ҳам вақт ўтиши билан гавдаланади.

Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида яна бир улуғ сана нишонланаяпти. Бу мустақиллик шарофати билан дунёга келган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги байрамидир.

Шу қисқа, бироқ жуда масъулиятли давр мобайнида Ўзбекистонда катта ўзгаришлар содир бўлди. Ҳуқуқий давлат қуриш борасида, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳотларни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маънавиятни юксалтириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, оила фаровонлигини таъминлаш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш масалаларида юртимизда ибратли ишлар амалга оширилди. Булар,  дарҳақиқат, юқорида таъкидлаганимиздек, бажарилган улуғ ишлар салобатидир.

konstitutsiya_bakhtimiz_poydevori

Конституциямизнинг устиворлиги боис, бугун юртимизда инсон манфаатлари ва қадр-қиммати, ёшлар тақдири ва келажаги бағоят улуғ. Мамлакатимиз ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаро учун ижтимоий адолат мезонлари таъминланган. Фуқароларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, ўз лойиҳаларини амалга ошириши, саломатлиги йўлида қайғуриши ва ҳоказолар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бундай имкониятлар, албатта, ҳуқуқий мезон сифатида амал қилиб келаётган Бош қонунимиз туфайли эканлиги, шубҳасиз.

Кейинги пайтларда дунё саҳнида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни оммавий ахборот воситалари орқали кузата туриб, юртимиздаги тинчлик, барқарорлик, осуда ҳаётга шукроналар келтирсак, арзийди. Шу ўринда, мозийга қараб иш кўриладиган бўлса, қадриятларимизнинг юксалиши бевосита мустақиллик инъом этган озодлик ва ҳурлик, дея аталган буюк неъмат билан ҳамоҳанг. У туфайли халқимиз юрагида асраб-авайлаб келаётган қадриятларимиз тикланди. Инсон қадри улуғланди. Адолат ва покиза тафаккур бўй кўрсатди. Илм-фан ва яратувчанлик ишларига кенг йўл очилди. Дунё саҳни илмда пешқадам, спортда жасоратли, нотиқликда якто, маънавияту маданиятда тенгсиз йигит-қизлар заковатидан ҳайрату ҳавасда қолди. Хуллас, бугун тинчлик ва барқарорлик ғолиб юртимизда барча имкониятларга йўл очиб берган Конституция бизнинг бахту-иқболимиз кафолати, дея ёниб, жўшиб яшамоқнинг фурсати келди. У ҳар биримизга қанот ва мадад бўлиши, шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Конституция, нафақат, бугунги куннинг Қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз иқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, фарзандларимиз йўлини ёритиб турувчи маёқдир”.

Демак, биз ҳақли равишда жаҳонга кўз-кўз қилса, фахрланса, арзийдиган қомусли халқмиз. Ўзини билган ва ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлган қомусли халқгина номусли бўлади, ориятли бўлади. Мана шу бахт, мана шу қувонч барчамизники!

ТАҲРИРИЯТ