Бугун Конституция ҳаётимизнинг ажралмас қисмига, бутун борлиғимизга айланиб бормоқда. Фуқароларимизнинг Конституция ва қонунларга нисбатан ҳурмати баланд. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятнинг ривожланиши натижасида сиёсий элита қатлами вужудга келганки, ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини теран англаб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш баробарида, Ватан олдидаги муқаддас бурчларини ҳам бекаму кўст амалга ошираётирлар. Бу Конституциямизнинг бундан 23 йил муқаддам нечоғли тўғри, халқчил ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилганлигининг исботидир.
Бош Қомусимизда мамлакатимизнинг асосий қисмини ташкил этадиган ёшларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 41-моддада “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, 42-моддада эса “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат – жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, деб белгиланган.
Асосий Қонунимиздаги мазкур ҳуқуқий асослар туфайли мамлакатимиздаги таълим тизимини ислоҳ қилишга киришилди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуслари билан МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, 1997 йилда “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури қабул қилинди. Таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 11 йиллик таълимдан воз кечилиб, “9+3” режасига асосан 9 йиллик умумий мажбурий ҳамда 3 йиллик ихтиёрий мажбурий таълим жорий этилди.
Шунингдек, амалга оширилган изчил ислоҳотлар туфайли бугунги кунда мамлакатимиздаги 75 та олий ўқув юртларида талабаларга профессионал асосида таълим берилмоқда. Олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси асосида икки босқичли таълим тизими: бакалавриат ва магистратура тизимга ўтилди. Дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан тажриба алмашиш ҳамда малакали кадрлар орқали жаҳонга чиқиш мақсадида юртимизда халқаро олий ўқув юртларининг филиаллари яна биттага кўпайди. Юртбошимизнинг 2014 йил 24 мартдаги қарорига кўра ахборот-коммуникация технологияларига асосланган Жанубий Кореянинг Инха университети ташкил этилди. Бугун мазкур нуфузли таълим даргоҳини тамомлаётган ёшлар мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ёшларнинг таълим олиш сифати ва билим олиш даражасини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Тошкент давлат юридик институти Юридик университетга айлантирилди. Президентимизнинг 2014 йил 22 июлдаги “Тошкент давлат Стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига биноан, Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Нукус филиаллари ташкил этилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг қарийб 40%ни ташкил этади. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири – “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижасида, Ўзбекистон 141 мамлакат орасидан 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш ва уни молиялаштириш бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллаган. Мазкур юксак эътироф Ўзбекистонда келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган эътибордан далолат беради.
Асосий қонунимизнинг мамлакат тақараққиётини белгилашда тутган ўрни бугунги кунда халқаро жамоатчилик томонидан ҳам юксак этироф этилмоқда. АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили Дуэйн Бутчернинг “Ўзбекистон раҳбариятининг ҳукуматни шакллантиришда конституциявий жараёнларнинг устунлигини таъминлашдаги мажбуриятларни тўғри аниқлаб беришга интилаётганини кузатиш ниҳоятда қувончлидир” деган таъкидлари давлатимиз қонунчилик тизимига берилган юксак баҳодир.
Мустақил диёримизнинг Асосий қонуни, бош қомуси, давлат мустақиллигимизнинг ҳуқуқий рамзи, халқ хоҳиш-иродасининг олий ифодаси бу – Конституциямиз экан, ўйлаймизки, у бундан кейин ҳам ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини муваффакиятли бунёд этиш учун мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Жамол НОСИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.