“Энг яхши мақола муаллифи” – Туркияга ижодий сафар сари

Ҳамиша изланиш ва интилишда бўлган шахс ҳаёти давомида мукаммалликка эришиб боради. Ижод, илм, турли лойиҳа ва ғоялар устида ишлаш унинг учун оддий мезонга айланиб қолади. Бу жиҳат эса бундай инсонга нисбатан атрофдагиларнинг ҳам эътиборини тортади, ҳам ҳавасини оширади.

Ижодкор ва изланувчан Зулфизар Мавлонованинг сайъ-ҳаракатлари, жамият ҳаётидаги аралашуви мени доимо ўзига жалб этиб келган.

Ёзган мақолаларидаги ташбеҳ ва ўзгача қарашлар минглаб ўқувчилар қалбидан жой олган.

Ютуқ ва натижалари турли йўналишларда эканиям диққатга сазовор.

2023 йилнинг декабрь ойидаги яна бир муваффақияти Зулфизар Мавлонованинг изланувчанлигини яна бир карра исботлади.

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ёшларнинг медиасаводхонлик кўникмаларини ошириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган танловда “Фейкларга ишониш кишини ё шошириб қўяди, ё чўнтагини “қуритади” мақоласи орқали “Энг яхши материал муаллифи” деб топилди. Бундан сал илгарироқ Зулфизар Мавлонова октябрь ойида ўтказилган “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот доирасида ўтказилган танловда “Энг яхши контент” йўналишида муваффақият қозониб, замонавий ноутбукка эга бўлганди.

Шунингдек, Зулфизар “International forum solidarity forum for Afghanistan and Uzbekistan youth” форумида фаол делегат сифатида қатнашган. Бундан ташқари, унинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти томонидан “Энг яхши ижтимоий лойиҳа” танловида фахрли 1-ўринни эгаллагани ҳам ютуқлари сирасини тўлдирган.

Яқинда Зулфизарнинг Туркиядаги “Baygench” нашриёти томонидан чоп этилган антологияда ижодий ишларининг ёритилгани уни яна бир муваффақиятга етаклади. У жорий йилнинг 3-9 январь кунлари Истамбулда бўлиб ўтадиган ижодий ишлар тақдимотида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Ушбу тақдимотда мен ҳам ҳикоямиз қаҳрамони билан ижодий сафарда бирга эканимдан фахр ҳиссини туяман.

Зулфизар Мавлонова бугунги кунда илмий ва ижодий ишларни амалга ошириш билан бир қаторда “Buxoro yoshlari” газетаси ривожида ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Зулфизар Мавлонованинг 100 дан ортиқ ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий мавзудаги мақола, ҳикоялари Халқаро, Республика ҳамда вилоят оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган. 40 га яқин танлов ҳамда форумларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган.

У билан суҳбатлашар эканмиз, ўзининг ҳам кўплаб китоблар мутолаа қилгани, изланиш ва интилишдан чарчамаслигига амин бўламиз.

Юрт тараққиётига муносиб улуш қўшиш мақсадида катта йўлга отланган, умидлари ва орзулари бисёр жамоадошимизга саломатлик, шарафли касбида муваффақият тилаймиз.

 

Дилноза Тўхтаева,

“Buxoro yoshlari” газетаси мухбири.