Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21-22 январь кунлари Бухорога қилган ташрифи вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида туб бурилишлар, улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврини бошлаб берди.
Ташриф доирасида бўлиб ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланганди.
Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳлари юборилиб, шаҳар-туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилганди.
Таъкидлаш лозим, ана шундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг май ойида Олот туманидаги “Асажам” қишлоғида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағлари ҳисобига 330 ўринли замонавий умумтаълим мактаби биноси қурилиши бошланган эди.
Қувонарлиси, қисқа фурсатларда қуриб битказилган ушбу зиё маскани бугун янги йил арафасида фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Раисининг ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Мақсуд Маматханов, Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева, Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Кези келганда айтиб ўтиш керак, шу пайтгача Олот туманидаги “Асажам” қишлоғида умумтаълим мактаби бўлмаган. Шу боис, бу ерлик 4-синфгача бўлган ўқувчилар жуда абгор ҳолатдаги мактабда, 5-синф ва ундан юқори синф ўқувчилари эса 5 км узоқдаги умумтаълим мактабига қатнаб ўқиб келишаётган эдилар.
– Муҳтарам Президентимиз томонидан барча жойларда бўлгани каби Бухоро вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири Олот туманига ҳам берилган эътиборлари натижасида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди тантанали йиғилишда сўзга чиққан, Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. — Ана шундай сайи-ҳаракатлар натижасида Олот тумани Асажам қишлоғида Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг маблағлари ҳисобига янги ва замонавий мактаб қуриб фойдаланишга топширилди.
Тўғрисини айтиш керак, бундай мактабларни қишлоқда яшаётган аҳоли орзу қиларди. Умид қиламизки, келгусида ушбу мактаб юртимиз тараққиёти учун янги авлод кадрларини етиштиришда муҳим пойдевор бўлади. Негаки, ана шундай таълим таргоҳлари маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Эндиликда, давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан қурилган янги мактаб биноси ишга туширилиши билан ушбу қийинчиликларнинг олди олинадиган бўлди. Асосийси, ушбу ҳудудда яшовчи ўқувчилар ўзларининг маҳалласида қад ростлаётган янги мактабда ўқийдилар.
Лойиҳага асосан қад ростлаган 3 қаватли, 330 ўринли замонавий билим даргоҳида ўқувчиларнинг бекаму кўст билим олишлари учун барча шарт шароит ва қулайликлар яратилган.
Албатта бунёдкорлик ишлари қурилиш нормаларга мувофиқ, сифатли ва тезкорлик билан амалга оширилди. Қурилиш жараёнларини вилоят 4-сектор раҳбарининг шахсан ўзи кузатиб, амалга оширилаётган ишларга бош-қош бўлиб турди.
Мазкур ўқув биноси А ва Б блокларга бўлинган бўлиб, 3 қаватли А блокда бошланғич таълим синф хоналари ҳамда физика, химия, биология лабаротория хоналари, кутубхона, ўқитувчилар хонаси, ювиниш ва ички ҳожатхоналар жойлашган. Б блокнинг 1-қаватида ошхона ва меҳнат дарслари устахоналари жойлашган. 2-қаватда эса 24х15 ўлчамдаги замонавий типдаги спорт зал ҳамда маънавият ва маърифат хоналари бор. Бундан ташқари, мактабнинг ҳовлисида ўқувчилар учун замонавий типдаги усти очиқ спорт майдончаси ҳам ташкил қилинган.
Тадбир доирасида Қуръони карим тиловат қилиниб, Яратгандан юртимиз тинчлиги, халқимиз саломатлиги, осмонимиз мусаффо бўлишини сўраб дуолар қилинди ва меҳмонлар учун ош тайёрланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу янгитдан қурилган мактаб ўқувчиларнинг ўқишга бўлган иштиёқларини янада фаоллашишида муҳим аҳамиятга эга. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшларимиз эса келажакда ўз ўрнини эгаллашларига имкон яратади.
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати.
🔺@by_gazetasi