Бухорода 17 йил илгари очилган “Меҳрибонлик Уйи” фаолияти тугатилди

Бухорода 17 йил илгари очилган “Меҳрибонлик Бухорода 17 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Меҳрибонлик Уйи фаолияти тугатилди. Бу ҳақда Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси офицери, катта лейтенант Муроджон Раҳматуллаев хабар берди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик Уйида 83 нафар бола тарбияланиб келаётган бўлган. Уларнинг 2 нафари турмуш қурган, 6 нафари олий таълим муассасаларига, 4 нафари турли техникумларга, 10 нафари касб-ҳунар мактабларига биркитилган. 4 нафари ҳомийликка, 2 нафари потранат ва 2 нафари васийликка берилган. Шунингдек, 9 нафар 7 ёшгача бўлган тарбияланувчилар вилоят Болалар Уйига жойлаштирилган.

“43 нафар болани эса янги оила, янги ҳаёт ўз бағрига чорлади. Илк бор “Меҳрибонлик Уйи”нинг 6 нафар тарбияланувчиси тадбиркор Ваҳоб Беҳбудов ҳамда Наргиза Саъдуллаевалар оиласига олинди. Оилавий шифокорлар Ҳаким Жумаев ва Зарнигор Садировалар ҳам 6 нафар болага ота-она бўлишганидан мамнун. “Enter Engineering” заводи ишчиси Нодирбек Ўринов ҳамда уй бекаси Муҳаббат Аслоновалар оиласи 7 нафар болани фарзандликка олишган бўлса, тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Аҳад Саидов ҳамда Марҳабо Беҳбудовалар оиласи 5 нафар, Ҳикматулло Асатуллаев ва Ҳамида Ҳомидовлар хонадони 6 нафар, Собир Очилов ҳамда Феруза Ҳусановалар оиласи 6 нафар, ўқитувчилар оиласи бўлган Фазлиддин Сатторов ва Гулчеҳра Шариповалар 5 нафар болани асраб олишди. Маълумки, Президент қарори асосида етим болаларни тарбиялаш билан Миллий гвардия шуғулланиши тартиби белгиланган эди. Шу нуқтайи назардан, фарзанд асраб олган оилалар орасида миллий гвардия тизимида фаолият кўрсатадиганлар ҳам бор”,-деди Муроджон Раҳматуллаев.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 25 декабрь куни Меҳрибонлик Уйида қолган 7 нафар болани тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Меҳриддин Маттиев ҳамда Нилуфар Ражабовалар хонадони фарзандликка олган. Меҳрибонлик Уйи дарвозалари уни 17 йил илгари ташкил этган директори Саида Шарипова томонидан ёпилган.

“Меҳрибонлик Уйи дарвозасини 17 йил илгари ўзим очгандим, бугун уни яна ўзим ёпдим. Тўғриси, Меҳрибонлик Уйи дарвозаси ёпилгач, кўнглим алланечук бўлиб, йиғлаб олганимни ҳам яширмайман. Ваҳоланки, улар 17 йилдан буён кўз ўнгимда униб-ўсиб, навқирон ёшга етишди. Фарзандларимдек бўлиб қолишганди. Улар билан нафас олдим, улар билан қувондим, улар билан қайғуга ботдим. Хайрлашиш осон кечмади. Аммо, мени қувонтиргани энди ҳар бирининг ота-онаси, ўз оиласи бор. Шуниси муҳим. Эринмайман, ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб тураман. Энди мен болаларимни соғиниб, ўнга яқин оилавий меҳрибонлик уйлари дарвозаларини қоқаман. Ҳар бирига ота-она, оила насиб этганига шукроналар келтираман”,-дейди 17 йилдан буён Меҳрибонлик Уйини бошқариб келаётган Саида Шарипова кўзига ёш олиб. Билдирилишича, мазкур Меҳрибонлик Уйида 80 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатиб келган. Айни пайтда уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда бўшаб қолган бинодан нима мақсадда фойдаланилиши мухбирни қизиқтирган. Айтилишича, 80 нафар собиқ ходим уч ой илгари мутахассислиги бўйича иш излаши ҳақида огоҳлантирилган. Айни пайтда, уларнинг рўйхати вилоят Бандлик бош бошқармасига юборилган.

Тўпланган қўшимча маълумотларга кўра, бинодан етим болалар ва ота-она меҳридан маҳрум бўлган болалар фарзандликка, васийликка ҳамда ҳомийликка олингунга қадар вақтинча жойлаштириш маскани сифатида фойдаланилиши назарда тутилган. Шунингдек, Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлимлари ҳузурида реаблитация марказлари йўналишидаги “Ёшлар марказлари” фаолиятини жорий этиш чора-тадбирлари ҳам белгиланган.

Лайло Ҳайитова

🔺@by_gazetasi