Спартакиада – жисмоний маҳорат кўриги

Мамлакатимиз истиқлолининг илк йилларидан бошлаб муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида спорт оммавийлигини ошириш, аҳоли, айниқса ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом бўлиб етишишларини таъминлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида нафақат марказлар, балки олис қишлоқ ҳудудларида ҳам замонавий, кўркам спорт мажмуалари бунёд этилиб, аҳолининг жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишларига муносиб шароитлар яратилди.

Бухоро шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хизматчилари ўртасида ўтказилаётган Республика спартакиадасининг минтақавий босқичи ҳам соҳа вакилларининг ўзига хос жисмоний тайёргарлиги кўриги бўлди.

Соҳа ходимларининг спортга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда уларнинг жисмоний салоҳияти ва тайёргарлигини янада такомиллаштириш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу мусобақада Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида фаолият юритувчи ҳарбий хизматчилар спортнинг енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш, волейбол, футзал ва миллий кураш турлари бўйича ўзаро куч синашишди.

Муҳташам “Бухоро” спорт мажмуасида ўтказилган спартакиада очилиш маросида сўзга чиққан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси М. Эсанов ҳамда бошқалар мазкур мусобақанинг соҳа ходимлари ўзаро тажриба алмашиш, жисмоний имкониятларини намойиш этиш борасидаги ўрнини таъкидлаб, мусобақа иши ва иштирокчиларига омад тилашди.

Айтиш жоизки, мазкур спартакиада соҳа ходимларининг нафақат жисмоний тайёргарликлари синови, балки, мусобақалар бўлиб ўтадиган “Бухоро”, “Ҳумо”, “Ёшлик”, “Семурғ” мажмуалари, Олимпия захиралари коллежи сингари муҳташам спорт иншоотлари билан яқиндан танишиш имконини ҳам берди.