БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Гендер тенглиги

“Бугун маърифий дунёда,-дея таърифлаган эди Президентимиз Ислом Каримов,-хотин-қизлар манфаати, деган алоҳида масала бор ва уни ўрганиш, ечимини топишга жуда катта аҳамият берилиши бежиз эмас. Агар аёлларга етарли эътибор берилмаса, бундай жамиятнинг келажаги бўлмаслиги ҳақида, ўйлайманки, бу ҳақда узоқ гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.”

Ҳақиқатдан ҳам, мустақиллик қўлга киритилган дастлабки йилларданоқ, давлатимиз томонидан ҳаётий фаолиятнинг турли соҳаларида аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, хотин-қизлар ва эркакларнинг жамият фаолиятида тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Бунинг натижасида саноатда, таълим ва соғликни сақлаш тизимларида, савдо ва хизмат кўрсатиш каби бошқа соҳаларда хотин-қизлар фаолияти сезиларли даражада ортди. Айниқса, қишлоқ хўжаликларида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда. Шу туфайли ҳам улар кўпгина соҳаларда, хусусан, анъанавий ҳунармандлик, касаначилик меҳнатига, оилавий бизнесга жалб этилмоқда. Шу билан биргаликда, аёлларни давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига жалб этиш масаласида ҳам ижобий ўсиш кузатилмоқда. Бунинг исботини эса бугунги кун мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Чунки, бугунги кунда улар корхона ва ташкилотларда раҳбар, ўз касбининг етук мутахассиси, замонамизнинг фаол ишбилармони, оилада меҳрибон уй бекаси, шу билан биргаликда, ёш ва баркамол авлод тарбиясида, уни етук инсон бўлиб камол топишида ўзларининг беминнат хизматлари билан жамиятимиз ривожига катта хизмат қилишмоқда.

Агар тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, аёллар ўз қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, намоён этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, фақатгина оилада фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш, вояга етказиш ишлари билан чекланиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий тузумлар ўзгариши билан инсон ҳаётига бўлган муносабатлар ҳам ўзгариб, қонунсизлик, яъни қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди. Натижада адолат, аёл эркинлиги, унинг ҳуқуқини эътироф этиш ғоялари шакллана бошлади. Бу эса хотин-қизларимизнинг ҳам эркин яшашга ҳақли инсон экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши лозимлиги ғоясини вужудга келтирди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда вужудга келган бундай вазият гендер тенглиги тушунчасини жамиятга кераклиги, уни тарғиб этиш лозимлигига эҳтиёж сезила бошланди. Гендер тушунчаси аёл ва эркак ўртасидаги муносабатларни жамиятда акс эттиради. Чунки улар жамиятда таркиб топади. Аниқроқ қилиб айтганда, гендер аёл ва эркакнинг ижтимоий ролини мазкур жамият қандай қабул қилишини кўрсатади. Яъни, агар жинс эркак ва аёл ўртасидаги физиологик фарқ билан белгиланса, гендер уларнинг жамиятдаги ўрни, хулқ-атвори ва хусусиятларига боғлиқ. Шу туфайли ҳам барқарор тараққиётни гендер тенглигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг асосий мақсади ҳаётнинг барча жабҳаларида тенг ҳуқуқ, имкониятлар ва мажбуриятдан иборат жамият барпо этишдир.

Мамлакатимиз мустақиликка эришгандан сўнг, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида қатор қонунлар қабул қилинди. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасидаги: “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир.” – деган қонун фикримизга яққол мисол бўла олади. Бу эса хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатидир.

Шундай экан, жамиятда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлигини таъминлаш борасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳар бир зиёли кишининг кундалик режасидан ўрин эгалламоғи лозим. Зеро, Юртбошимиз айтганларидек, “Аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.”

           Акмал ДАВЛАТОВ, 

                                                        Фуқаролик жамияти шаклланишини                                                 мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси.