Бухорога диний уламоларнинг ташрифи бошланди

Бухоро вилоятига бир гуруҳ таниқли уламоларнинг ташрифи бошланди. Улар вилоятда мавжуд жомеъ масжидларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз суҳбат ўтказишмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Бухоро вилоят вакили Жобир Элов маълум қилди.
Ташриф доирасида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, таниқли уламолар иштирокида жомеъ масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ҳамда олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар қилиш кўзда тутилган. Таъкидланишича, Бухорода 106 та фаолиятдаги масжид бўлиб, уламолар вилоятдаги мазкур масжидларда пешин ва аср намозларини адо этган ҳолда аҳоли билан маърифий суҳбат қуришни бошлашган.


Ташрифнинг илк кунида улар Бухоро шаҳридаги “Болои Ҳовуз”, “Умар ибн Хаттоб”, “Волидаи Абдулазизхон”, “Убай ибн Каъб” масжидиҳларида бўлишиб, йиғилганларга “Шукроналик ва гўзал хулқ”, “Неъматга шукр қилиш ҳақида улуғлар ҳикмати”, “Шукроналик фазилати” ҳақида маърузалар қилишган. Ўзбекистонда диний соҳадаги ишлар, хусусан, масжид-мадрасалар фаолияти, илмий марказлар ва ихтисослашган мактаблар ишлари, Ислом динининг мўътадил ғояларини халққа етказилишининг самарали жиҳатлари хусусида сўзлашган.


– Бухоро замини қадимдан Ислом динининг сиймоси, уламолари эса дин пешвоси сифатида Ўзбекистоннинг гавҳарига айланган. Бундаги ҳар бир масжид қадимий қувватга эга бўлиб, асрлар оша халқимизга хизмат қилиб келган, масжидларнинг ҳар биридаги нақшу битиклар тарихга муҳрланган. Қадим шаҳарнинг безаги, маъно-мазмуни бўлган бу масжидларни шунчаки, одамлар намоз ўқиб кетадиган масканга эмас, балки, уларни чин юракдан ҳис қиладиган манзилга ҳам айлантириш керак. Зотан, бу билан масжидлар мақоми ва халқимизнинг диний савияси янада кўтарилади. Юртимиздаги таниқли дин уламоларининг шариф шаҳримизга ташрифи эса шу мақсадларимизга йўлдошдир,-деди Жобир Элов.


Маълумотда қайд этилишича, ташрифнинг илк куни пешин намозида Бухоро шаҳридаги муҳташам “Волидаи Абдулазизхон” масжидига Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдуҳаким Матқулов “Болои Ҳовуз” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишмадбеков, “Умар ибн Хаттоб” ва “Чор Бакр” масжидларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алийлар ташриф буюриб, намозхонлар билан учрашув, юзма-юз мулоқотлар қилишган.
– Масжидлардаги учрашувлар диний соҳа ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишда ҳам маънавий қувват бўлмоқда,-дейди Жобир Элов.


Билдирилишча, мазкур ташрифлардан, нафақат, ислом динининг мўътадил ғояларини халққа етказилиши, балки, қатор масжидларда узоқ вақтлардан буён бой мерос сифатида сақланиб келинаётган музейлардаги қадимий қўлёзма ва асори-атиқаларни асраш, нашриёт ва диний-илмий кутубхоналарни жойлаштириш масалалари ҳам кўзланган.

🔺@by_gazetasi