“BUXORO YOSHLARI” СИЗ БИЛАН: “ОБУНА-2021” ТАШАББУСКОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Эътибор ва рағбат, нафақат, ижодкорни, балки жилла қурса, ижодкорни қўллаб-қувватлаган ҳар қандай кишини ҳам илҳомлантириши, шубҳасиз.

“Buxoro yoshlari” газетаси 2001 йили нашр юзини кўрган. Илк давридаёқ ўз ўқувчиларини топган, талабаларнинг олтин дамларида қўлма-қўл бўлиб ўқилган. Ёши каттаю-кичикнинг кўнглини ром этган. Шукурким, ҳалиям шу залворини йўқотмади. Сифат, дизайн ва мазмунан анча ўсди. Қамрови, биргина вилоятмас, қўшни ҳудудлар ижодкорларини ҳам ўз сaҳифаларининг меҳмонига айлантирмоқда.

Бошқа нашрлар қатори, газетачиликнинг оғир, синовли ва залворли кунларини ҳам бошидан ўтказмоқда. Амал-тақал қилиб, 1000 донаданми ошдик. Шунгаям хурсанд бўлдик. Ҳарқалай, Таҳририят ходимларига “тоғ” яратиб беролмасак-да, ҳарна, газетанинг “ўлмай”, ўз вақтида газетхонлар қўлига етиб боришига етади. Обуна бўлганларнинг эшигига газетамиз сонларининг кириб борганининг ўзи биз учун байрам. Шеъру ҳикояси, мақолаю хабари чиққан ўқувчимизнинг “Уре, менинг ижодим чоп этилибди” дея шеригига газетамизни кўрсатиб қўйгани бизни ўн карра хурсанд қила олади.

  • “Дунёда битта аёл бўлсаям, унга заргар топилади” дейишгандек, бир дона газетхони бўлсаям, бу газетчи учун бахт. Демак, бу ижтимоий тармоқлар ривожланган сари газетчилик ҳам ўлмайди, дегани. Ишонч, Умид ва Ҳаракат бу мезонни мустаҳкамлайди.Газеталар саноқлигина чиқса-да, уни юз йилдан кейин ҳам қўлга олиб ўқиш мумкин. Бироқ ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабар ёки мақолани шунча даврдан кейин тополмайсиз. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.

Куни кеча Таҳририятимиз томонидан мана шу Ҳақиқатга озгина бўлса-да, эришувимизга ҳисса қўшиб, “Обуна-2021” кампаниясини ўтказишда ҳисса қўшган, газетамизнинг Муассиси саналган ёшлар ташкилотларининг туман, шаҳар бўлимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар, қатор туман ҳокимликларини “топсанг гул, топмасанг бир боғ пиёз” дегандек имкон даражасида рағбатлантиришга ҳаракат қилдик.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги нашр ўтган йил ўрталаридан ҳамкор сифатида ташкил этилган тузилма – Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлигининг ҳам шакллангани ва унинг атрофи газетани севган ходимлар билан гавдумлангани билан биз Таҳририят ходимларини қувонтирганди.

Агентлик раҳбари Ихтиёр Зиёдиллоев ташаббуси билан “Обуна-2021” кампанияси бошланганининг 5-куниёқ барча туман, шаҳар Кенгашлари ходимлари ва бутун жамоанинг ихтиёрий равишда обунасини уюштириб берганини Таҳририят ходимлари эътибор ва рағбат сифатида қабул қилган.

“Опа, газетада нима гап?! Қийналмаяпсизми?! “- дея ҳар гал кўрганда сўраб қўядиган ҳамкор ташкилот- агентлик раҳбарида бу билан босма нашрларга эътибор ва эътирофи борлигини англаймиз.

Газетамиз Муассиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шерзод Тилавов ва унинг жамоаси ҳам жорий обуна кампаниясига сидқидилдан бош бўлди. “Ёшлар нашри – бизнинг нашр” дея суянчимизга айланди. Ҳар янги сонимизда янгича бир ғоя таклифини бера оладиган Кенгаш раисининг ташаббускорлигидан мамнун бўламиз.

Худди шунингдек, Кенгаш вакиллари Суҳроб Нуров, Фармон Асадовнинг чин дилдан қўллаб-қувватлаши, айниқса, Когон туман Кенгаши раиси Шавкат Мардоновнинг ҳар ой газетамиз рекламасига асосланган видеороликларни ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, янгилаб туриши бир қувончимизни ўн карра оширади. Хуллас, ҳар бир туман, шаҳар Кенгашлари Муассис сифатида масъулият билан ёндошишди.

 

Аммо, ҳар йилги анъанани бузмадик. Келгуси йилда ҳамкорларимизга зиёда рағбатлар етказа олиш моддий қуввати насиб этсин, дея ният қиламиз.

P/S: “Buxoro yoshlari” газетасига “Обуна-2021” кампанияси давом этади😍

“Buxoro yoshlari” gazetasi