“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви: МАБЛАҒ ТАЛАБ ҚИЛГАН МУРОЖААТЛАР ҚИСҚА ФУРСАТДА ҲАЛ ҚИЛИНАДИ…МИ?!

– Мен, Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомладим. Замонавий ўқув марказини ташкил этиш бўйича лойиҳам бор. Лойиҳамга кўра, 8 та фан йўналиши ва IT технологиялари бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Ўз биномга эгаман. Фақат молиявий ёрдам берилса, бўлгани. Айни пайтда ўз лойиҳаларимни амалга оширишим учун имтиёзли кредит асосида 250 миллион сўм олмоқчиман,- ўзини Оқилжон Миржонов, дея таништирган йигит вилоят ҳокимига.

Дарҳақиқат, ДХХ Бухоро вилоят Бошқармаси бошлиғи, 4 та сектор масъуллари ҳамда турли соҳа раҳбарлари иштирокида Қоровулбозор туманидаги маданият саройида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Оқилжон сингари кўплаб ёшлар ўз таклиф ва талаблари билан чиқишди.

Учрашув давомида ёшлар билан юзма-юз мулоқот уларнинг муаммоларини бартараф этиш, таклифларини қаноатлантириш ва талабларини амалга ошириш юзасидан масъул идоралар томонидан тегишли тартибда чора-тадбирлар белгиланиб, саноқли кунлар ичида қатъий равишда бажарилиши улар зиммасига юкланди.

“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида сўз олган ёшларнинг 6 нафари иш билан таъминланган. 3 нафарига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун ер майдони масаласи ҳал қилиб берилган. 1 нафарига замонавий ўқув маркази ташкил қилиш ҳамда 4 нафарига тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит билан таъминлашда кўмаклашилган.

– Айни жараёнда мавжуд муаммоларни ўртага ташлаган йигит-қизларнинг улар юзасидан ўз асосланган ечимларини ҳам таклиф қилишгани эътиборни тортди. 50 дан ортиқ муаммолар муҳокама қилиниб, шундан 27 таси жойида ҳал қилинди, қолганлари тегишли муассасалар раҳбарларига қисқа фурсатда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди,-деди Қоровулбозор тумани ҳокими ўринбосари Шавкат Раҳмонов,- Ёшлар томонидан қилинган мурожаатларнинг аксарияти ечими муайян вақт ва маблағ талаб қилганлиги сабабли уларнинг барчаси бўйича ижрочилар белгиланди. Бу галги “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви шунчаки ёшларни бир жойга жамлаш ва уларни тинглаш билангина чекланмади. Ёшларга шуни ишонч билан айтамизки, уларнинг маблағ талаб қиладиган мурожаатлари қисқа фурсатда ҳал қилинади.
Мулоқот давомида тумандаги ёшлар боғини таъмирлаш, инклюзив таълим мактаблари очиш, имтиёзли асосда ёшлар уйларидан хонадонлар олиш, бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, кутубхона ташкил этиш сингари масалалар юзасидан ўнлаб савол ва таклифлар ўртага ташланган.
Учрашувда вилоят ҳокими в.б. Ботир Зарипов ёшлар тақдим этган лойиҳалар билан танишаркан, туманда мева-сабзавотчилик, боғдорчилик каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган кооперациялар ташкил этиш, қурилиш моллари саноатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини алоҳида қайд этди. Айниқса, ёшлар агромажмуаларини ташкил этиб, “Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича Қоровулбозор тажрибаси” йўлга қўйиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Учрашув якунида анъанага кўра, вилоят раҳбари томонидан қоровулбозорлик фаол ёшлар рағбатлантирилди.