“КУЁВХЎЖА”НИНГ ТАНТИ БОЛАСИ

  • Пешкўга йўлингиз тушса, “Куёвхўжа”га бирровга бўлсаям назар ташламай кетолмайсиз, опа! Шу маҳалланинг “Қушчи” қишлоғида туғилганман. Эсимни танибманки, ҳар бир кўчаси, ҳар бир гузари обод ва гўзал. Одамлари самимий, танти. Мен ҳам ана шундай танти элнинг бир бўлагиман. Курашларим, ғалабаларим билан жонўртар қишлоғимга бир умр шараф олиб келсам, деб ният қиламан,-дейди катталарга хос тавозе билан Нурмуҳаммад.

Ҳа, эндигина 15 ёшни қаршилаган Нурмуҳаммад Саидов юрагида тантилик, ота-боболарга хос мардлик мужассамлиги шундоққина кўзларидан намоён. Эл суйган паҳлавонлар Барно ака Жўраев ҳамда Зафар Нафасовлардан кураш илмини олаётган, билакларида куч, ёшлик ғайрати гупирган ҳикоямиз қаҳрамони айни дамда Бухоро Олимпия захиралари коллежида таҳсил олмоқда. Самбо кураши бўйича ўз вазн тоифасида эришган ютуқлари бисёр. “Ғалабаларидан дарак бериб турувчи қатор медалу дипломлари билан хонасини худди музейга айлантириб юборган. Ўғлимнинг болалигидан ойнайи жаҳонда намойиш этиладиган томошаларни кўриб, шунингдек, тўй-тантаналарда бўлиб, курашгирларга ҳавас билан спортнинг катта йўлига чиқиб олиш учун интилгани мени ҳайратга солган. Уни қўллаб-қувватлаб, мақсадлари сари интилишига кўмак бердим. Ўғлим эл фарзанди бўлиб камолга етаётганидан фахрланаман”,- дейди ёш полвоннинг отаси, фан ўқитувчиси Садир Файзиев.

Ўғлидаги курашга бўлган иштиёқни вақтида англаб етган Садир ака ўғли Нурмуҳаммадни 10 ёшидан Олот туман 7-ихтисослашган Олимпия спорт мактабига берди. Дзю-до спорт  тури сабоғини ҳам чин дилдан мукаммал эгаллашга ҳаракат қилган Нурмуҳаммадга Элбек Умаров, Рустам Тўраев, Дилшод Тўраев, Беҳзод Ҳайдаров каби устоз-мураббийлар елкадош бўлишди.

“2011 йилда пойтахтимизда дзю-до бўйича бўлиб ўтган Халқаро турнирда Нурмуҳаммад “Мени устозларим дуоси, паҳлавон боболарим руҳи қўлласин”, дея гиламга тушганда кўзларимиз ёшга тўлган, дейди устозларидан бири у ҳақда. Чиндан ҳам Нурмуҳаммад ҳар сафар гиламга чиқар экан, шу эзгу ниятни пичирлаб сўзлайди. Курашларда тобланиб, устоз-мураббийлар сабоғини чин дилдан ҳис қилиб, ғалабалари билан қишлоғи, маҳалласига шон ва шараф келтириш учун тинимсиз курашаётган ёш полвоннинг интилишларига кўз тегмасин, юртимиз сарҳадлари шундай ўғлонлар билан мустаҳкам бўлсин, дея ният қиламиз.

Гулдаста