“Parvoz”da DISPUT
“Бухоро ёшлари” газетаси қошида ташкил этилган “Парвоз” фаол жамоатчи ёшлар тарғибот гуруҳи аъзолари бу гал “Талабанинг бўш вақти” мавзусида мунозара юритишди.
Талабаларнинг бўш вақтлари ҳақидаги ушбу диспут сал бошқачароқ ракурсда. Ёшлар бўш вақтларида нималар биландир шуғулланишлари мумкин?! Хўш, мана шу ёшлар орасида ТАЛАБА деган номга сазовор бўлганлари-чи?! Шунга қизиқдик. Ва бу мавзуни талабалар ҳаётидаги энг глобал мавзулардан бири, деб топдик. Бугун талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун нималарни ташкиллаштириш ёки уларнинг қизиқишларини қандай уйғота олиш мумкин?
Шавкат: Талабалар дарслардан кейинги бўш вақтларини қандай, қаерда ва қай даражада ўтказишмоқда?
Шаҳобиддин: Бошқаларни билмадиму, ўзимнинг ўқишим мисолида шуни айтишим мумкинки, кўпгина талабалар бўш вақтларини беҳудага сарфлашмоқда. Ҳатто, айримлари дарс вақтида кечқурун нима қилишлари, вақтичоқлик учун қаерга боришлари мумкинлиги “масалалари”ни ҳал қилишдан ҳам тап тортишмайди. Тўғри, улар орасида фойдали машғулотлар билан банд бўладиганлари ҳам йўқ эмас. Лекин барибир изланувчан ёшлар сафининг кенгайиши замон талаби даражасида жадал эмас.
Мурод: Балки айрим ўқув юртлари ёшларни ўз танлаган соҳаларига унчалик қизиқтира олмаётгандир. Бунинг устига улар орасида фанларни осонгина “ёпиб” олаётганлари ҳам йўқ эмас! Шунинг учун талабалар бўш вақти фойдасиз ишларга сарф бўлаётгандир?
Жума: Менинг фикримча, ўқитувчилар томонидан талабаларга қўйилаётган талаблар енгил эмас. Ўқув юрти талабалари ўқитувчилар томонидан жиддий назоратда. Кўп ҳолларда талабалар бирор бир семинар ёки маърузага тайёрланиш учун интернет клубларда, албатта, ижобий маънода, соатлаб қолиб кетишади. Маълумотлар тўплашади. Ўқув-методик китоблар излаб, ахборот-ресурс марказлари хизматидан ҳам фойдаланадиганлар ҳам анча.
Миршод: Аммо, Муроднинг ҳам фикрида жон бор. Талабаларнинг қайсидир фанларга қизиқишининг сустлашишига ёки дарсларга бўлган муносабатининг ўзгаришига айрим ўқитувчиларнинг ҳам таъсири йўқ эмас. Талаба бўш вақти ҳам айнан ана шу масъулиятсизлик ортидан вужудга келмоқда.
Азиза: Бироқ, танганинг иккинчи томонида талаба туришини ҳам унутмайлик. Ваҳоланки, талаба таълим олиш жараёнида ўз устида ҳам кўпроқ ишлаши лозим. Шунинг учун талабага унга нима қизиқлигини билиб олиш керак. Вазиятни ўқитувчига ағдариш тўғримас, чунки ўқитувчи фақат йўл-йўриқ кўрсатади, холос.
Зебинисо: Гапингизни бўламан, менимча, кўплаб талабалар қайсидир олий ўқув юртига ҳужжат топширишаётганда келажакдаги мақсадларини аниқ қилиб белгилаб олишмаган. Бу эса талабада мақсаднинг йўқлиги эринчоқлик келтириб чиқаради, бўш вақтининг ошиб кетишига сабаб бўлади.
Файзиддин: Зебинисо, кечирасизу, сизнинг фикрингизга қўшилмайман. Чунки шундай талабалар борки, улар ҳам ўқишади, ҳам ишлашади, бунинг устига дам олишга ва бошқа мақсадларини ҳам аниқ белгилаб олишга вақт ажрата олишади.
Мурод: Демак, ёшлар ўз мақсадларига нисбатан эътиборсиз бўлмасликлари керак, фикрингизни уқдимми, Файзиддин?!
Файзиддин: Ҳа!
Рушана: Менинг бир танишим бор. Ақли етук, иқтидорли. Рассомчиликка жуда қизиқади. Аммо кейинги пайтларда севимли машғулоти билан умуман шуғулланмай қўйган. Бўш вақтларини доим кўчаю клубларда ўтказади. Сабабини сўрасам, у ўзининг бу иқтидори ва қизиқиши ортидан келажакда пул топа олмаслигига ишора қилаяпти.
Жума: Демак, мана шундайларни, яъни иқтидори бору аммо ўз қизиқишлари этагидан тутиб кетишга бироз иккиланаётганларни ҳам “Парвоз” атрофига жалб қилишимиз керак. Ўйлайманки, атрофимизга турли соҳаларга қизиқувчи ёшларни янада жамулжам этсак, тенгдошларимизнинг жисмонан ва ақлан камол топишида ҳисса қўшган бўламиз. Ахир “Парвоз” шунчаки ёшлар гуруҳи бўлиб қолмаслиги керак. Ва гуруҳ аъзоларининг қизиқиш ва салоҳиятларига қараб, тадбир ва танловлар ташкил этиш ва ўтказиш режаларини тузишимиз лозим.
Шаҳобиддин: Қўшиламан. “Парвоз” асосини “Ёшларга ёшлар!” тамойили билан мустаҳкамлашимизга тўғри келади. Бу албатта, талабаларга, умуман, ёшларга ижобий таъсир кўрсатади.
Шавкат: Яхши фикр. Шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш, ташқи сабабларчи? Масалан, ён-атрофдаги таниш-билишларнинг таъсиричи?
Азиза: Ҳозир биз иккита қарама-қарши жавобни кўряпмиз. Маълумки, ёшларнинг айримлари ўз қизиқиши ва ўз йўналиши ҳақида ўйлаб, турли тўгарак ва ўқув курсларига қатнаётган бўлса, айримлари бекорчилар узук-кунлари фақатгина бўш вақтдан иборат бўлиб қолгани учун ҳам жамиятни бузадиган гуруҳларга қўшилиб қолишмоқда.
Рушана: Айрим талаба -ёшларда бўш вақтнинг кўпайиб кетгани “оммавий маданият”нинг таъсири эмасмикин?
Файзиддин: Бу асосий ва энг долзарб муаммо.
Зебинисо: Менимча, бир томондан ёшларнинг кейинги пайтларда жуда кам китоб ўқиётгани, иккинчи томондан Ғарбнинг таъсири: поп-мусиқа, турли шоу дастурлар, ахборот технологияларнинг жадал ривожлангани ёшларнинг бўш вақтларини жиддий ишларга бағишлашлари учун тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ва бу ўз-ўзидан маънавий савия даражасига ҳам путур етказмай қўймайди.
Жума: Эътибор қаратадиган бўлсак, ёшларнинг бўш вақтларини маънавий жиҳатдан таъминлаш мақсадида, кино ва театр хизматлари ҳам анча маромига етди. Бироқ кўплаб талаба-ёшлар у ерни маданий ҳузур олиш масканигамас, балки хот-дог, поп-корини харид қилиш билан боғлиқ жойга айлантириб юборишган. Улар театр ёки кино томошаси пайтида ўз “машғулот”ларига шу қадар берилиб кетишадики, ҳатто, экрандаги тасвирнинг моҳиятини сўрасангиз, ҳеч нима англашмаганини билдиришдан ҳам уялишмайди.
Рушана: Ҳа, бундайлар учун бўш вақтларида бирор бир китоб ўқиш ёки ўз қизиқишлари билан шуғулланишдан кўра, юлдузлар ҳақидаги миш-мишларни турли интернет тармоқларидан ўқиш қизиқроқ.
Шаҳобиддин: Хулоса шуки, талабаларни маънавий баркамоллик сари етаклаб бориш учун янгидан-янги йўллар излаб топиш зарур. Ўшанда ҳар бир ёш ўзининг мақсади сари интилади, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Шунга кўра, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдалана олишлари қайсидир маънода янада жиддийроқ таъминланиши зарур. Бунинг учун биз “парвоз”чилар бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, тенгдошларимиз тақдири ва келажаги учун кўплаб лойиҳаларни амалга оширишимиз даркор.
Disputни ёзиб олишда БЕКОРЧИ ТАЛАБА кўмаклашди.