Ҳам билимда, ҳам спортда…

– Агар киши астойдил ҳаракат қилса, у, албатта, мақсадга эришади ва ўз мақсадлари сари олға интилаверади, – дейди в “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши қошидаги “Ўқув-услубий маркази” НТМ координатори Миршод Очилов. Шу сўзларни ўзи учун шиор билган Миршод Очилов бугун юртимизнинг серқирра истеъдодлари қаторидан ташаббускорлиги, ҳаракатчанлигию ўткир зеҳни билан ўрин эгаллаган. Болалигидан китоб мутолаа қилишга, илму сабоқ олишга қизиқиши ва иштиёқи баланд Миршод Очилов биринчи синфга боргунга қадар Алифбони ўрганиб, қунт ва равон билан ўқишни ўзлаштириб олган экан. Жуссаси кичиккина, нотиқдан келган  ўқувчининг жажжи шеърлар машқ қила бошлагани эса, ҳатто, ўқитувчиларни ҳайратга солди.  Бугунги кунда ёшларни ватанпарварлик, мардлик ва бунёдкорликка ундовчи, тараққиёт йўлида хизмат қилишга чорловчи дадил туйғулар билан суғорилган  шеърларини шеърият ихлосмандлари  самимий кутиб олишмоқда.

Барча фанларни муносиб ўзлаштириб, билиму заковатда тенгқурларидан  ажралиб турган Миршод Очиловда нотиқлик маҳорати ҳам анча устун эди. У Жондор туманидаги 2-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаби интернатини тугатгач, Бухоро Давлат университетининг ижтимоий-иқтисодий факультети тарих йўналишига ўқишга кирди. Ундаги билим ва қобилият, иқтидор ва салоҳият вилоятда   “Заковат” интеллектуал клубини шакллантиришга ундади. Бугун  мазкур клуб атрофи заковатли йигит-қизлар билан янада мустаҳкамланмоқда.  Айни пайтда Миршод Очилов клуб тренери сифатида Мурод Аминов, Наргиза Абдуллаева, Нарзулла Файзуллаев каби нотиқ ва зукко ёшлар шогирдлар ҳам тайёрламоқда.      “Камолот”нинг фаол ва жонкуяр ходими сифатида ўтказиладиган барча тадбир ва лойиҳаларни ташкил этишда бош-қош. Бундан ташқари, турли танловларда ҳам фаол иштирок этиб келаётган  Миршод Очилов 2014 йилда ўтказилган “Тафаккур синовлари”да жамоа сардори сифатида қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади. Жорий йилда эса “Мунозара” интеллектуал танлови мамлакат босқичининг “Энг яхши спикери” деб топилди. Энг қувончлиси, Миршод Очилов спорт билан ҳам яқин ошно.

– Билим – ҳаётим, спорт – ишончим. Спорт билан муносиб шуғулланиб, таним ва руҳиятимдаги куч ва қувватимни янада ошираман. Бу янгидан-янги билимларни ўзлаштиришимда катта аҳамият кўрсатади. Спортнинг стол тенниси, футбол, шахмат турлари билан мунтазам шуғулланаман. Бу мени Андижонда ўтказилган “Универсиада -2014” спорт ўйинлари мусобақаларида шахмат тури бўйича қатнашиб,  муносиб ўрин эгаллашимга катта туртки бўлди, -дейди М. Очилов.

Ҳа, ёшлар ташкилотининг турли танлов ҳамда лойиҳаларида фаол ва намунали қатнашган Миршод Очилов барчасидан тажриба ва янги фикрларга эга бўлиб қайтади.

-Аммо истиқлолимиз шарафига атаб ўтказилган “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” фестивали менда ўзгача таассурот, ўзгача қизиқиш уйғотди. Ўз тендошларимиз билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдим.

Дарҳақиқат, мазкур фестиваль мамлакатимизнинг турли гўшаларидан бир мақсад учун келган ҳар бир ёш  қалбида Ватанга меҳр, дўстлик ва садоқат, эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.

Зулфизар МАВЛОНОВА,

“БЁ” жамоатчи мухбири.