ЯШИЛ МАЙДОНЛАРДА ОППОҚ ТИЛАКЛАР

 Футбол – оддий тўпўйин. Лекин уни севмаган, думалоқ тўпнинг сеҳрли оғушига тушиб, унга бир умр асир бўлиб қолмаган ўсмир топилмаса керак. Чегараолди ҳудудларида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган  ўсмир ёшлар ҳам футболнинг чинакам ишқибозлари эканликларини намоён этишди.

Бугун ёш футболчилар ҳам, футболга содиқлиги билан ўйинчилар маҳоратига ижобий таъсир қиладиган мухлислар учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган. Ёш авлод камолоти йўлида амалга ошириб келинаётган бундай ислоҳотлар моҳиятида уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб етишларидек улуғвор мақсад мужассам. Айниқса, обод юртнинг барча манзилларида бунёд этилаётган кўркам футбол майдонлари ва уларда ўтказилаётган турли мусобақалар ўсмир ёшларнинг чинакам ўғлон бўлиб вояга етишлари учун хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда чегараолди туманларида яшовчи аҳоли фарзандларининг ҳам нуфузли спорт мусобақаларида қатнашиш имконига эга бўлиб бораётганлари янада қувонарли.

Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” маданият ва истироҳат боғи қошида қад ростлаган сунъий қопламали замонавий мини футбол майдони ана шундай ёш футболчиларнинг чексиз қийқириқлари билан тўлди. Миллий хавфсизлик хизмати Бухоро вилоят бошқармаси, МХХ давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси жанубий-ғарбий минтақавий штаби, Бухоро вилоят ҳокимлиги, вилоят Маданият ва спорт бошкармаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Мустаҳкам чегара – хавфсизлик кафолати” шиори остида чегараолди туманларида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилари ўртасида ўтказилган мазкур мини футбол мусобақаси уларнинг маънавий-жисмоний камолотига қанот бўлиб хизмат қилди, десак адашмаган бўламиз.

Ушбу мусобақада чегараолди ҳудудлари ҳисобланган Ромитаннинг “Қизилравот” ва “Ибн Сино”, Қоракўлнинг “Жиғачи” ва “Турон–2”, Олотнинг “Сойил қоровул” ҳамда ҳарбий қисм хизматчилари ходимлари фарзандларидан ташкил топган “Чегарачи” жамоалари ўзаро беллашишди. Беллашувлар ғоятда қизғин кечди. Юракларида ғурур ва шижоат жўш уриб турган ёш футболчилар бунда ўзларининг бор маҳоратларини кўрсатишди. Ярим финал баҳсларида “Чегарачи”, “Жиғачи”, “Ибн Сино” жамоалари устунликка эришишган бўлса, “Қизилравот”, “Турон–2”,  ҳамда “Сойил қоровул” футболчиларининг эса баҳсларда бироз омади чопмади. Албатта, ўйиннинг ҳисоби қайси жамоанинг яхши ўйнаганию, қайсиниси қўпол хатога йўл қўйгани ёки қайсидир ёш тўпурарнинг очколар сонини оширгани билан белгиланади. Бироқ, мазкур мусобақада жамоалар ғалабадан ташқари, Ватан хизматига яраш, унинг истиқболига камарбаста бўлишдек энг юксак туйғулар билан ҳам майдонга тушдилар.

  • Футбол ишқибози бўлган чегараолди ҳудудларида яшовчи юзлаб тенгдошларимизни ҳаяжонга солган мусобақаларнинг финал босқичида куч синашдик. Баҳслар қизғин авж олиб, кучлилар аниқланадиган дақиқаларда ҳаммамизнинг юрагимизда кучли ҳаяжон жўш урди. Лекин натижалар қандай бўлишига қарамай, мақсадимиз битта: дўстлик устунлиги бўлди, – дейди “Жиғачи” жамоаси ҳужумчиси Шаҳзод Ҳикматуллаев, – Бу билан юрагимизда мустақил Ватан билан фахрланиш, келажакда юртимиз сарҳадларининг мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўша олишдек муқаддас туйғу янада мустаҳкамланди.

Ҳа, яшил майдонларда тўп сурган бу ёш футбол ишқибозлари орзуларининг ҳам ўзларидек пок ва беғубор эканлигини сўзларида ифода этишди. Беллашувлар давомида жамоалар чиройли ўйинлар кўрсатиб, яхши натижаларга эришишди. Кучли учликнинг биринчи ўрнига “Жиғачи” жамоаси эгалик қилган бўлса, иккинчи ўринда “Ибн Сино” жамоаси номи қайд этилди. “Чегарачи”лар эса фахрли учинчи ўринни қўлга киритишди. Шунингдек, беллашувларда чинакам маҳоратини кўрсатган ёш футболчилар турли номинациялар бўйича тақдирланишди. Эржон Умрзоқов “Энг яхши ҳимоячи”, Отабек Қодиров “Энг яхши дарвозабон” ҳамда Исахон Очилов “Энг яхши ҳужумчи” деб топилди.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳоли фарзандлари ўртасида ўтказилган мини фубол бўйича мусобақа ғолиб жамоалари ҳамда номинация эгалари қимматбаҳо совға ҳамда дипломлар билан тақдирланишди.

Лайло ҲАЙИТОВА.