Бухорода кекса аёлнинг уйига кириб, унга жисмоний азоб бериб, тан жароҳати етказган талончига ҳукм ўқилди

Бир неча маротаба турли жиноятлар содир этиб, озодликдан маҳрум қилинган Когон шаҳри фуқароси Алишер Явмутовга нисбатан бу гал талончилиги учун 7 йилга қамоқ жазоси тайинланди.

Алишер Явмутов кеч соат 20:15 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Когон шаҳар «Янги ҳаёт» кўчасидаги хонадонлардан бирида ёлғиз яшовчи кекса ёшли Л.Ғ.нинг уйига ғайриқонуний равишда кирган. Унга нисбатан зўрлик ишлатиб, тан жароҳати етказган. Талончилик йўли билан Л.Ғ.га тегишли бўлган 700 минг сўмлик пул ва моддий бойликларни қўлга киритган. Шунингдек, кундузги соат 11:00 га қадар қарияни ўз уйида озодликдан маҳрум қилган ҳолда унга жисмоний азоб берган.

— Нотаниш йигит қаердан ҳам уйимда пайдо бўлдию, ортимдан оёғи билан тепиб, итариб юборди. Эшикни ичкаридан қулфлаб, телефон симларини узиб ташлади. Бор-йўғи, битта тилла тақинчоғим, арзон қўл телефоним ва 100 минг сўмдан бошқа ҳеч вақоим йўқлигини айтганимдан сўнг, у ўз уйимни унга беришим тўғрисида тилхат ёзиб беришимга мажбурлай бошлади. Яшаш уйим неварамнинг номида эканлигини айтганимдан сўнг мени уриб, тепиб, ҳақоратлади. Ялинишимга қарамай, милицияга айтмаслигимни тайинлаб, эрталаб кун ёришгунча жисмоний азоб берди, қийнаб, кўп тан жароҳати етказди, — дея кўрсатма берди судда жабрланувчи.

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг ҳукми билан Алишер Явмутовга нисбатан Жиноят Кодексининг 138-модда, 2-қисми «а» банди (жисмоний азоб берган ҳолда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) ва 166-модда 3-қисми «а, б» бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган талончилик) ҳамда 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 60-моддалари (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) қўлланилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

У ўз жазосини қаттиқ тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.