ЯХШИЛИККА БУРКАНДИ ОЛАМ

Яхшиликка бурканди олам,

Хаёлларим ойдин ва нурли.

Эзгуликка қалб тўлди бу дам,

Еллар эсар хушбўй, ҳузурли.

Илҳом тошиб қўлимда қалам,

Хуш келибсан, Наврўзи олам.

 Қийғос гуллар боғда лолалар,

Болаларнинг завқи бошқача.

Лапар айтар янга – холалар,

Шодланади кекса – ёшгача.

Гўзалликлар бари сенда жам,

Хуш келибсан, Наврўзи олам.

 

Сумалаклар мазасин кўринг,

Кўк сомсалар сероб ва хуштаъм.

Ҳалимларни татиб лол қолинг,

Дастурхоннинг кўрки бу кўклам.

Дилдан кетмиш қайғу – алам,

Хуш келибсан, Наврўзи Олам.

 

Кўча–куйда тўй–ю томоша,

Авжга чиққан қўшиғу куйлар.

Йиллар ўтиб умрингиз оша,

Яхшиликдан кўнгиллар сўйлар.

Сулувликда тенгсиз бир санам,

Хуш келибсан, Наврўзи олам.

 

Баҳор бўлсин юртим ҳар кунинг,

Қайноқ бағринг гулларга тўлсин.

Осойишта бўлсин ҳар тунинг,

Кўкламойинг муборак бўлсин.

Чўққиларга ташлайвер қадам,

Хуш келибсан, Наврўзи олам.

Шоҳнигор БОҚИЕВА,

БухДУ талабаси.