ҲУШЁРЛИККА РИОЯ ҚИЛИШ – ҲАР БИРИМИЗНИНГ ВАЗИФАМИЗ!

Бугунги кунда мамлакатимиз фуқароларининг узоқ муддатга чет эл давлатларига чиқишлари ва қайтиб келиш жараёнларини тизимли равишда ташкил этиш давлат ташкилотлари олдидаги асосий вазифалардан биридир.

Доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган шахсларга нисбатан ўтказиб келинаётган тадбирлар натижасида ички ишлар идоралари томонидан доимий яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетган жами 114.196 нафар (88.513 нафари эркаклар, 25.683 нафари аёллар ва 4.994 нафар вояга етмаган) фуқаролар билан олиб борилган тадбирлар натижасида ўтган йил 48.953 нафар киши доимий яшаш манзилларига қайтарилди.

Бу амаллар жорий йилда ҳам давом этмоқда. Куни кеча “Хорижга ишлаш учун кетиш истагида бўлганлар ҳамда қайтиб келган ёшлар учун тавсиялар” мавзусида профилактик-тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Бунда айрим фуқароларимиз бошқа давлатларда бўлган вақтларида бошқа миллатга мансуб, ўзини дин пешвоси ва уламоси, деб даъво қилаётган шахсларнинг, айримлари эса жиноий муҳит олами вакиллари таъсирига тушиб қолиб, дунёқараши, фикрлаши ва савиялари ўзгаргани яққол аён бўлди.

Улар билан профилактик ишлар олиб борилиб, ижтимоий ва диний муҳитга, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи ва аҳоли орасида “шов-шув”ларга сабаб бўлувчи ҳатти-ҳаракатларни содир этмасликлари учун барча чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳушёрликка риоя қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини унутмайлик!

Ҳалим Камолов, вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан.