БУХОРОДА САЙЁР СУД ҚАБУЛИГА ДАЪВОЛАР ОШМОҚДА

Жорий йилнинг 19 январида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан “Республика судларининг 2018 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида”ги Қарор тасдиқланган эди.  Бухоро вилоят иқтисодий судининг ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш мақсадида бошқа давлат органлари ва муассасалари билан ҳамкорликда сайёр қабуллари ва учрашувлари ташкил этилмоқда. Бухоро туманидаги Гала Осиё Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўтказилган сайёр қабулда 200 га яқин тадбиркорлар тўпланди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исақов, Бухоро вилоят иқтисодий судининг раиси Мақсудбек Саидов ҳамда туман мутасадди органлари вакиллари қатнашди.

Ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида аҳоли, фуқаролар ва тадбиркорларнинг муаммо ва ташвишларини ечишда амалий кўмак  кўрсатиб келинаяпти,-деди Бухоро туманлараро иқтисодий суди судьяси Суҳроб Қўшшаев.-Тадбиркорлар фаолиятидаги мавжуд қийинчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш борасида вилоят ва туманларнинг масъул мутасадди идоралари билан биргаликда тегишли тушунтиришлар берилди. Шу жойнинг ўзида 12 нафар тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорларнинг жамият иқтисодий ҳаётидаги ўрни, мамлакат ривожининг асосий таянчи эканлигини инобатга олиб, улар фаолиятига тўсиқ бўлувчи чигалликларни ечишда амалий кўмак бериш мақсадида Бухоро вилоят ҳамда туманлараро иқтисодий судларида ҳафтанинг ҳар жума куни “Табиркорлар куни”  сифатида белгиланди

Рақамларга мурожаат қилинадиган бўлса, жорий йилнинг ўзида 600 га яқин ҳужжатлар сайёр суд қабулларида кўрилган.

Ўтган йил давомида эса вилоят иқтисодий судларига жами 23 870  та даъво ариза келиб тушган бўлса, 9673 таси сайёр қабулларда кўрилган. Суд ҳужжатларига асосан, даъвогарлар фойдасига жавобгарлардан 718,5 млрд. сўм, даъвогарлар томонидан эса республика бюджетига ихтиёрий равишда 580.3 млн сўм давлат божи тўланган. Суд ҳужжатларига асосан, 8.907.2 млрд. сўм миқдорда давлат божи ундирилган.

Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича айбдор шахсларга нисбатан жами 129 та суд таъсир чоралари қўлланилган бўлиб, уларнинг 11 таси маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорлар, 22 та мулкий, 49 та интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги хусусий ажримлар, шунингдек, бошқа қонунбузилиши ҳолатлари бўйича эса 47 та суд таъсир чоралари чиқарилиб, ижро этиш учун тегишли идораларга юборилган.