Бухорода ўтказилган кўрик-танлов ғолиблари 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди

Адлия вазирлиги томонидан Бухорода ўтказилган республика кўрик-танловининг биринчи ўрин ғолиблари 15 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда Бухоро вилоят Адлия бошқармаси матбуот котиби Насиба Жўраева маълум қилди.

Адлия вазирлиги томонидан ходимларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш, малакали кадрларни аниқлаш ва улар ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Йилнинг энг яхши адлия ходими” ҳамда ”Йилнинг энг яхши адлия бўлими” кўрик-танлови ташкил этилди.

Бухоро давлат университетида ўтказилган мазкур кўрик-танловда 14 та вилоятдан ўз ҳудудида энг яхши, деб сараланган бўлимлар ва адлия ходимлари иштирок этди.

“Танлов шартларига кўра, иштирокчилар ўз фаолиятлари тўғрисида батафсил маълумотларни соҳага тегишли слайдлар орқали ва нутқ маданияти орқали кўрсатиб беришди. Бундан ташқари, ҳуқуқий билимларини тест орқали синовдан ўтказишди. Ҳуқуқий муаммоларга адлия ходими томонидан тақдим этилган таклифлар баҳоланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 230 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва лойиҳалар борасидаги билимлари аниқланди. Бу каби кўрик-танловлар ходимларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиради”,-деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Раҳматов.

 Йилнинг энг яхши адлия ходими” кўрик-танловида биринчи ўринни  Наманган вилояти Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи  Сардорбек Азизов эгаллаб, 15 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Иккинчи ўринни эгаллаган Хоразм вилоятилик иштирокчи Раҳмон Саттаров 10 миллион,  фахрли учинчи ўринни қўлга киритган сурхондарёлик бўлими етакчи-маслаҳатчиси    Сайқалбек  Аллаёров 7,500 миллион сўм билан тақдирланди.

Худди шунингдек, “Йилнинг энг яхши адлия бўлими” кўрик-танловида биринчи ўринга Бухоро вилояти Ғиждувон тумани адлия бўлими сазовор бўлиб, 15 миллион, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани адлия бўлими 10 миллион, учинчи ўринни эгаллаган Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани адлия бўлими  7,5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Лайло Ҳайитова