солиқ назорати: ХУФЁНА ИҚТИСОД ОЛДИ ОЛИНДИ

Бухорода жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, 1300 дан ортиқ корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари, 600 га яқин якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди.

Назорат касса машинаси мавжуд бўлмаган 270 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлари назорат касса машинасини харид қилиб, уларни давлат солиқ органларида рўйхатга қўйди.

Ҳисоб рақамсиз фаолият юритиб келаётган 2600 га яқин  якка тартибдаги тадбиркорлар ҳудуддаги тижорат банкларида ўзларининг ҳисоб рақамларини очдилар.

Эътиборлиси, буларнинг барчасига, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишлар, яъни хўжалик юритувчи субъектларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали эришилмоқда. Бухорода Республика ишчи гуруҳи, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ҳамда давлат солиқ хизмати органлари масъул ходимлари томонидан товар айланмаси (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган корхоналар вакиллари ва уларнинг ҳисобчилари билан ўтказилаётган ана шундай учрашувлар ҳам яхши самара бермоқда.

Куни-кеча ана шундай тадбирлардан яна бири Ғиждувон туманида ва вилоят ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди.

Учрашувда Бухоро шаҳридаги  улгуржи савдоси билан шуғулланувчи 29 та ва Ғиждувон туманидаги 13 та тадбиркорлик субъекти вакилларига 2019 йил солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлардан келиб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бирма-бир тушунтириб берилди.

Хусусан, ҳудудда хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш ҳамда савдодан тушган пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасига чек қўйиш мақсадида Бухоро шаҳрида ва Ғиждувон туманида салқин ичимликлар, тамаки ва алкоголли маҳусотлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчиларга солиқ қонунчилиги талаблари кенг тушунтирилди.

Мазкур фаолият билан шуғулланувчиларга эндиликда барча амалга оширилган савдо фаолиятини счет-фактураларда электрон шаклда акс эттириб бориш зарурлиги айтиб ўтилди. Таъкидлаш лозим, бу тартиб (ҚҚС солиғи занжири давомийлигини таъминлайди) уларнинг ўзлари учун ҳар томонлама фойдалидир. Пировардида ушбу тартиб ички бозорларимизда маҳсулотлар нарх-навосининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслиги билан ҳам ахамиятлидир.

Мулоқотларда ишчи гуруҳи вакиллари тадбиркорларга ҚҚС тўлови режимини танлашда агар мол етказиб берувчиларининг асосий қисми ҚҚС тўловчилари бўлса, унга 20% стандарт  режимини танлаши, аксинча ҚҚС тўловчиси бўлмаса соддалаштирилган тартибда ҚҚС тўлаши мақул эканлигини тушунтирилди.

Б.Файзиев, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алокалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.