Бухоро шаҳрида жорий йилнинг 22 ноябрь куни ҳарбий ҳудуд майдонларидан бирида Бухоро ҳарбий округи қўшинлари раҳбарияти, вилоят ИИБ, ДХХБ, ФВБ, Мудофаа ва Божхона бошқармалари, шунингдек, Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда тактик амалий ўқув-машғулот ўтказилди.
Бунда Бухоро ҳарбий округи қўшинлари ва Қуролли Кучлар академияси тингловчилари иштирокида кўргазмали батальон тактик-ўқув машғулотлари намойиш этилган. Тактик ўқув машғулотларни ташкиллаштириш давомида инновацион ёндашув ва унда янги усулни жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Масъул соҳа вакиллари томонидан тегишли мавзуларда слайд ва кўргазмали воситалар асосида маърузалар қилинди.
“Машғулотлардан кўзланган асосий мақсад – шахсий таркибнинг турли фавқулодда ҳолатлар вақтида ҳамкорликдаги ҳаракатлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Бунда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан узвий ва самарали алоқани йўлга қўйиш, соҳа хизматчиларининг бу борадаги билим, кўникмаларини шакллантириш бўйича назарий машғулотлар ўтказилди.
Ходимлар томонидан жанговар ҳолатларда бажариладиган тактик ҳаракатлар амалга оширилди. Машқлар жараёнида ҳарбий техника, жанговар машиналар имкониятларидан, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди”,-деди Бухоро вилоят ИИБ матбуот гуруҳи раҳбари, майор Қувват Ярашов.
Тактик-ўқув машғулотлар якунида қатнашчилар томонидан амалга оширилган ҳаракатлар таҳлил қилиниб, қатнашчиларнинг фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатлари баҳоланди.