Хабарингиз бор, бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотига аъзоликка қабул қилиш маросимлари билан бир қаторда Сардорлар сайловлари ҳам ўтказилиб келинмоқда. Бухорода ҳам бу каби тадбирлар кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтмоқда. Вилоят бўйича жами 535та умумий ўрта таълим мактаби, 10356 та синфлар мавжуд бўлиб, уларда 276265 нафар ўқувчилар таҳсил олади. Улар орасидан энг муносиб, чинакам етакчилик қобилиятига эга бўлган Сардорларни сайлашда уларнинг фаол ва ташаббускорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Бухоро ёшлар марказида вилоят Сардорлиги учун сайловлар ўтказилди. Сайлов олди малакали тренерлар томонидан ташкил этилган ўқув-семинар давомида ўқувчилар Сардорликнинг маъсулият ва вазифаларини яна бир бора англаб етишди.
– Жорий йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ўқувчилар ўта фаол, – дейди Бухоро вилояти “Камалак'” болалар ташкилоти раиси Мадина Баратова. Сардор бўламан, деб ният қилган ўқувчилар жуда кўп. Рақобат кучли. Айнан мана шу соғлом рақобат муҳити ўқувчиларни фаол бўлишга, ўз устида янада кўпроқ ишлашга, тенгдошлари билан чинакам лидер сифатида ҳаракат қилишига ундамоқда. Бу ҳам Сардорлик мақомининг ёшлар орасида нечоғлик муҳим аҳамият касб этишидан даракдир.
Қизиқарли семинардан сўнг сайлов жараёнларига навбат берилди. Ўта шаффоф ва очиқ тарзда ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Сардори этиб Фирдавс Алиев, “Камалак” болалар ташкилотининг вилоят Сардори этиб Файзбек Мизробов сайланди. Сардорларнинг келгусидаги фаолиятига сўнмас шижоат ва муваффақият тилаймиз.