Фестивалнинг энг қизиқарли дастурлардан бири “Нодир Девонбеги” хонақосида “Мухтор Ашрафий” номидаги Бухоро санъат коллежи ҳамда вилоят мусиқали драма театри халқ чолғулари оркестри ижросидаги концерти бўлди.
Ҳикмат Ражабов мусиқий раҳбарлиги ва дрижёрлигида ижро этилган жаҳон ва миллий мусиқа дурдоналари, ретро қўшиқлар тўпланганларда катта таассурот қолдирди.
– Бухоро замини азалдан кўпгина маданият намуналари сингари мусиқа санъати учун ҳам муносиб бешик бўлиб хизмат қилган, – дейди концерт ташкилотчиси Бухоро санъат коллежи директори Дониёр Неъматов. – Ибн Синонинг мусиқа илми назариясига бағишланган асарлари фикримизнинг яққол далилидир.
Концерт Мустафо Бафоевнинг “Бухорои Шариф” телеоперасидан парча – “Бухорча” чорлов қўшиғи билан бошланди. Шундан сўнг Мутаваккил Бурҳоновнинг Эркин Воҳидов шеърига басталанган “Гул диёрим” романси ижро этилди.
Дастур давомида куйланган Манас Левиевнинг “Вальс”, “Маҳаллада дув-дув гап”, Сулаймон Юдаковнинг “Фарғонача рақс”, “карнавал вальси” ретро тароналари, “Сегоҳ”, “Топмадим” ғазаллари, “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасидан ария, шунингдек, Бах, Жорж Бизе, А. Хачатурян, С.Егоренко ижодий хазинасидан ўрин олган мумтоз намуналар иштирокчилар учун ўзига хос санъат байрами кайфиятини туҳфа этди.
Азамат КАТТАЕВ олган суратлар