АЛПЛАР МАЙДОНДА КУЧ СИНАШАР

Халқимизда ор, номус, матонат ва шижоат азалдан улугланиб келинган. Айнан ушбу жиҳатлар кураш спортида алоҳида кўзга ташланганлиги учун ҳам ушбу спорт тури халқимизнинг лозим топилса, биринчи рақамли миллий ўйини сифатида қадрланади.

1111111

Қувонарлиси шундаки, истиқлол йилларида кураш шунчаки миллий ўйин даражасидан ўсиб, йилдан йилга профессионал спорт тури сифатида шаклланди. Унинг расмий қонун қоидалари ишлаб чиқилиб, нафақат, юртимиз, балки қитъа ва жаҳон миқёсида турнир ва чемпионатлар ўтказилмоқда. Бу орқали “Ҳалол”, “Ёнбош”, “Чала”, “Дакки”, “Танбеҳ” сингари соф ўзбекона сўзлар ушбу спорт тури атамаси сифатида жаҳон бўйлаб кенг истеъмолда қўлланмоқда.

Мамлакатимизда курашнинг бир неча турлари мавжуд. Миллий курашда эса асосан, Бухоро курашининг кўпгина элементлари асос қилиб олинган. Шу нуқтаи назардан,  “Ипак ва зираворлар” фестивали доирасида ўтказилган кураш мусобақаси бухороликлар ва хорижлик томошабинларнинг кучли қизиқишига сабаб бўлди.

“Арк” қўрғонида саккиз вазн тоифасида ўтказилган мусобақада 120 га яқин полвонлар ўзаро бел олишдилар. Унда биринчи, иккинчи, учинчи ўрин соҳибларига рангли телевизор, микротўлқинли печ, гилам, чинни тўплами ва бошқа қимматбаҳо буюмлар тортиқ этилди.

Ниҳоят, мусобақа якунида мутлақ вазн бўйича баҳслар барчанинг диққатини ўзига жалб этди. Унда учинчи ўринни қўлга киритган туркманистонлик Астанақул Бегалиев ва бухоролик Малик Раббонаевлар гилам билан тақдирланишди. Рангли телевизор соврини тикилган финал баҳсида Бухоро олимпиа захиралари коллежи талабаси Нурбек Тўраев туркманистонлик Даянч Омировни мағлуб этди. Иккинчи ўрин соҳибига микротўлқинли печ топширилди.