Миллий фильмлар намойиши

Вилоятимизда утказилаётган “Ипак ва зираворлар” фестивали дастуридан ўрин олган аҳамиятли лойиҳалардан бири миллий фильмлар намойиши бўлди.

Фестивалнинг кечки дастурида Пойи Калон мажмуасида “Бухоро музейлари” ҳужжатли фильми ҳамда миллий адабиётимиз шоҳ асарларидан бири, илк ўзбек романи – Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида суратга олинган бадиий фильм томошабинлар эътиборига ҳавола етилди.

– Ушбу фильм юртингиз бой тарихи, ҳам моддий, ҳам маънавий мероси ҳақидаги тасаввурларимни янада бойитди, – дейди англиялик Ленни Самуел фильм намойишидан сўнг. – Айниқса, фильмнинг инглиз тилидаги титрларда тақдим этилгани унинг биз учун тушунарлилик даражасини янада оширди. Музейлар ҳақидаги фильмда намойиш қилинган қадим нодир осори-атиқаларингиз ҳақида аввал ҳам умумий тасаввурга эга эдим. Аммо “Ўткан кунлар” фильмида халқингизнинг турмуш тарзи, муомала маданияти, сўзлашувда такаллуф, лутфга алоҳида эътибор қаратилиши, ота-она ва фарзанд, катта ва кичик ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг чуқур ҳурматга йўғрилганлиги мени ҳайрон қолдирди.

Менда энг катта таассурот қолдиргани эса ана шундай гўзал миллий-маънавий қадриятларнинг асрлар оша сақланиб қолганлигидир. Фестиваль давомида мен фильмда кўрганим, Отабек ва Кумушнинг ҳақиқий ворислари борлигига ишонч ҳосил қилдим.

Айтиш жоизки, миллий фильмлар намойиши фестивалнинг иккинчи кунги дастуридан ҳам ўрин олган. Бугун кечда томошабинлар буюк муҳаддис аждодидимиз Имом Исмоил ал-Бухорий ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳамда ёзувчи Эркин Аъзамов сценарийси асосида Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинган “Сув ёқалаб” бадиий фильмини томоша қилишлари мумкин.