“Ипак ва зираворлар”да тантанали юриш иштирокчилари Нодирдевонбеги мадрасаси ёнига келиб тўхтаганида доира садолари айни авжига чиқди.
Сўлим хиёбон байрамга чиққан шаҳарликлар, республикамизнинг турли минтақалари ва хориждан келган меҳмонлар билан янада гавжум эди. Бу ерда фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан Бухоро шаҳар ҳокими Ихтиёр Фармонов анъанавий сайёҳлик ва ҳунармандчилик байрами—ХVI “Ипак ва зираворлар” фестивалини очиқ, деб эълон қилди ҳамда халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга, миллий қадриятларимизни тарғиб қилишга, халқ амалий санъатини, туризм ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган бу анжуман ишига муваффақиятлар тилади.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Бухоро-Санта Фе биродор шаҳарлар қўмитаси раиси америкалик Керрол Робертсон Лопес фестивал нуфузи йилдан йил тобора кучайиб бораётганлиги, шу боис, унга ташриф буюрувчи сайёҳлар ва расмий меҳмонларнинг сони ошаётганлигини қайд этиш асносида, фестивал орқали жаҳон аҳли ўзбек халқининг ўлмас ва боқий қадриятлари, санъати, маъданияти ва ҳунармандчилик дурдоналаридан баҳраманд бўлишаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ушбу маросим концерт дастурига уланди. Унда фестивал меҳмонлари — юртимизнинг турли вилоятларидан келган фольклор-этнографик ансамбллари, шунингдек, академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси вилоят бўлимининг санъаткорлари қўшиқ ва рақслари билан тадбир иштирокчиларини хушнуд этишди.